ЎЗБЕКИСТОН ХАБАРЛАР

Саудиялик тадбиркор Фарғона водийсида “Араблар шаҳарчаси”ни барпо этишга сармоя киритиши мумкин

Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги бош консулхонаси Ўзбекистон туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Тоиф шаҳридаги йирик тадбиркорлардан бири бўлмиш Юсуф Туркистоний билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.

Суҳбат давомида Юсуф Туркистоний Ўзбекистондаги бизнесини кенгайтириш ҳаракатида эканини маълум қилган. Жумладан, айни пайтда у Фарғона водийсида “Араблар шаҳарчаси” номи остида туристик дам олиш масканини барпо этишни режалаштирмоқда.

Суҳбатдошнинг таъкидлашича, ушбу туристик масканни Фарғона шаҳри ва Чимён санаторияси ўртасидаги адирликларда 15 гектар ер майдонда барпо этиш мўлжалланмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 3 миллион долларни ташкил этади. Шу муносабат билан у 2023 йилнинг сентябрида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирган.

Май ойида Франция компанияси Чимёнда умуммавсумий дам олиш масканини қуриши хабар қилинган эди. Июнда бўлса Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида 20,7 километр узунликдаги “Туризм ҳалқаси” барпо этилиши маълум бўлганди. Шу мақсадда республика бюджетидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига 3 йил муддатга 100 миллиард сўм бюджет ссудаси ажратилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan