ЖАМИЯТ

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарёда 42 та маҳаллага мебеллар тўплами ва 51 та маҳаллага компьютер жамланмаси совға қилди

Энг улуғ байрамимиз олдидан мамлакатимизда ўтказилаётган “Ободонлаштириш ойлиги” доирасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан Сурхондарё вилоятида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Куни кеча “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усмонов Термиз шаҳридаги Наврўз, Тупроққўрғон, Сурхон соҳили маҳаллаларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, муаммоларининг ечимини топишда кўмаклашди.    

-“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлинмаси маҳалла идоралари фаолиятини янада ривожлантириш, уларга аҳоли муаммоларини ҳал этишга яқиндан кўмак беришга ҳар доим тайёр, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими бошқаруви раиси ўринбосари   Олтибой Останақулов. -Мақсадимиз маҳалла институти нуфузини ошириш, унинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлашдан иборат.

 “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида мамлакатимиздаги 239 маҳалла идорасини 1 миллиард 200 миллион сўмлик компьютер жамланмаси, 227 маҳалла фуқаролар йиғинини 1 миллиард 372 миллион сўмлик мебель жиҳозлари билан таъминлашни режалаштирган.

Хайрли иш Термиз шаҳрида давом эттирилиб, Музработ туманидаги “Чегарачи”, Шеробод туманидаги “Катта ҳаёт”, Термиз туманидаги “Қўнғирот” каби чекка ва олис 51 маҳалла фуқаролар йиғинига 257 миллион сўмлик компьютер, Ангор туманидаги “Кайран”, Денов туманидаги “Лолазор”, Жарқўрғон туманидаги “Боймоқли” каби 42 маҳалла идорасига 256 миллион сўмлик мебель жиҳозлари сертификати тантанали топширилди.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan