ДУНЁ

АҚШ Украинага кассетали ўқ-дорилар беради. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида ундан фойдаланиш тақиқланган

АҚШ Украинага кассетали ўқ-дорилар беради. Бу ҳақда АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан журналистлар билан бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Салливаннинг таъкидлашича, Вашингтон Киевга бундай ўқ-дориларни етказиб бериш қарорини кейинга қолдирган, чунки улардан фойдаланиш тинч аҳоли учун хавф туғдиради. 

“Украина Қуролли кучлар уларни ўз ҳудудида, ўз аҳолиси учун хавфларни минималлаштирган ҳолда қўллайди. Украинага кассетали ўқ-дориларни етказиб бериш АҚШда артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун оралиқ вариантга айланади”, — деди Оқ уй вакили.

Кассетали ўқ нима?

Кассетали ўқ-дорилар (ёки кассетали бомбалар) ўнлаб-юзлаб кичикроқ бомбаларни ўз ичига олган контейнерлардир. Уларни самолётдан, артиллериядан, ракета отиш мосламаларидан, денгиз қуролларидан отиш мумкин.

Кассетали ўқ-дорилар олдиндан белгиланган баландликда очилади, бу мўлжалланган нишоннинг майдонига боғлиқ бўлиб, ичидаги ўқ-дорилар белгиланган ҳудудга тақсимланади. Ўқ-дорилар бир-бирига таймер билан боғланган ва ерга яқинроқ портлайди.

Нима учун кассетали ўқ-дорилар баҳсга сабаб бўлмоқда?

Бомбалар катта майдонга тушгани сабабли улар жанговар бўлмаган ҳудудларга ҳам таҳдид солиши мумкин. Бундан ташқари, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси маълумотларига кўра, ўқ-дориларнинг 10 фоиздан 40 фоизгача бўлган қисми нобуд бўлади ва портламаган ўқ-дорилар тинч аҳоли учун йиллар ва ҳатто ўнлаб йиллар давомида хавф туғдиради.

Потенсиал ҳалокатли кассетали ўқ-дорилар Лаос ва Вьетнамда ишлатилганидан 50 йил ўтиб ҳамон портламай қолмоқда, бу эса мазкур қуролларни кенг миқёсда тақиқлашни талаб қилишга ундади.

Кассетали ўқлар тўғрисидаги конвенция туфайли дунёнинг аксарият мамлакатлари ушбу қуроллардан фойдаланишни аллақачон тақиқлаб қўйган, бу эса уларни захиралаш, ишлаб чиқариш ва узатишни ҳам тақиқлайди. Ушбу конвенция га 123 давлат қўшилган, аммо яна 71 давлат (хусусан, АҚШ, Украина, Россия) қўшилмаган.

Душман қўшинлари ёки транспорт воситаларига ҳужум қилиш учун ўқ-дорилардан фойдаланиш халқаро ҳуқуққа зид эмас. Аммо, Human Rights Watch ташкилотига кўра, бу қуроллар билан тинч аҳолини нишонга олиш уруш жинояти сифатида баҳоланиши мумкин. Ташкилот, шунингдек, Украина ҳам, Россия ҳам уруш пайтида кассетали ўқлардан фойдаланган ҳолда тинч аҳолини ўлдирганини даъво қилмоқда.

Илгари кассетали бомбалар қаерда ишлатилган?

Кассетали қуроллар коалициясига кўра, бундай қуроллар Иккинчи жаҳон урушидан бери ўттиздан ортиқ конфликтларда қўлланилган. АҚШ бу қуроллардан охирги марта 2003 йилдан 2006 йилгача Ироқда фойдаланган. АҚШ Марказий қўмондонлигининг 2017 йилдаги баёнотига кўра, АҚШ ҳарбийлари тинч аҳоли учун хавф туғдириши сабабли уларни 2016 йилда босқичма-босқич эксплуатациядан чиқариб юборишни бошлаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan