ЎЗБЕКИСТОН

Бу йил июль ойида жазирама иссиқлар кузатиладими?

2023 йил июл ойида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати иссиқ бўлади, аммо бу жазирамалар аномал характерда бўлмайди.

Бу ҳақда Республика Гидрометеорология хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг июл ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланди. Кундуз кунлари ҳаво ҳарорати 37-39 даража гача, жанубда ва чўл ҳудудларда 41-43 даражагача кўтарилди.

Лекин 3-4 июл кунлари Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига иссиқ пасая бошлади ва ҳафтанинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 31-36 даража бўлган қулай қийматларда сақланди. Ҳатто энг чекка жанубий ҳудудларда ҳам кундузги ҳарорат 39 даражадан юқори бўлмади.

9-10 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келади ва ҳарорат кўтарила бошлайди.

Иссиқ об-ҳавонинг чўққиси 11-13 июл кунларига тўғри келади. Кундузи ҳаво ҳарорати 39-42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 43-45 даражагача кўтарилади.

Бироқ бу иссиқ давр узоқ бўлмайди. 13 июлдан республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига, 14 июлдан барча ҳудудларга, бу сафар Кавказдан салқинроқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат фони 3-5 даражага пасаяди.

Ҳароратнинг энг сезиларли пасайиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кузатилади, бу ерда ҳаво ҳарорати 5-7 даражага пасаяди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan