ЖАМИЯТ

Медиация: тушунчаси, мақсади ва принциплари

Сўнгги йилларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг вақт ва маблағини тежаш, турли қоғозбозликларнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан тинч йўл билан ҳал этишга қаратилган ҳуқуқ институтлари, хусусан, медиация институти ва ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш амалиёти кенг қўлланилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 17 июнда қабул қилинган “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.

Шу асосда “Медиация тўғрисидаги” Қонун қабул қилинди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал ва Фуқаролик процессуал кодексларга “медиация” атамаси киритилди.

“Медиация тўғрисидаги” Қонуннинг мақсади медиация соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.

Медиация махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги принциплари асосида амалга оширилади.

Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.

Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин.

Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонунчиликка мувофиқ иштирок этади.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади.

Медиатив келишув тузилганлиги юзасидан суд амалиётидан мисол:

Даъвогар – “JANUB ELITA NASLCHILIK” масъулияти чекланган жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – “TRILLIONER NN” масъулияти чекланган жамиятидан 18900000 сўм асосий қарз ва 9450000 сўм пеня ундиришни сўраган.

Суд мажлисида иштирок этган жавобгар вакили судга даъвогар билан тузилган медиатив келишувни тақдим этиб, даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни сўраган.

Суд, жавобгар вакилининг тушунтиришларини тинглаб, ишда тўпланган ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, қуйидагиларга кўра, даъво аризасини кўрмасдан қолдириш лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар ва жавобгар ўртасида 2023 йил 27 январда иш бўйича медиатив келишув тузилган. Унга кўра жавобгар қарздорликни изтиёрий юир ойлик муддат ичида тўлаб беришни ўзининг зиммасига олган.

ИПК 107-моддасининг 53-бандига мувофиқ, тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

Ўзбекистон Республикаси “Медиация тўғрисида”ги қонуни
17-моддасининг бешинчи қисмига кўра, низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтарилиши керак.

Шунга кўра, суд даъвогар- “JANUB ELITA NASLCHILIK” масъулияти чекланган жамиятининг жавобгар – “TRILLIONER NN” масъулияти чекланган жамиятидан 18900000 сўм асосий қарз ва 9450000 сўм пеня ундириш тўғрисидаги даъво аризасини кўрмасдан қолдиришни лозим топган.

Шу ўринда бу институтнинг амалдаги татбиқ этилиши юзасидан, биргина Термиз туманларо иқтисодий судида 2023 йил январь-май ойларида 1820 та иқтисодий иш кўриб чиқилган бўлиб, шуларнинг
51 таси тарафларнинг медиатив келишувига эришилган ва даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Бунинг натижасида тарафларнинг 1.981,8 минг сўмга яқин  маблағи тежаб қолинган. Ушбу маблағларни эгалари томонидан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун сарфлаш имкони юзага келган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, низолашаётган тарафларнинг медиатив келишув тузишга эришишлари уларнинг келгусидаги манфаатли ҳамкорлигининг давом этишига хизмат қилади. Бу институт, шунингдек, мавжуд низони низосиз ҳал қилиш, турли оворагарчиликларнинг олдини олиш ҳамда ишни судда кўриш билан боғлиқ давлат божидан озод бўлиш борасидаги муҳим ва зарур воситадир.

Диёр Жумаев, Термиз туманларо иқтисодий суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan