ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Қашқадарёда ҳарбий суд ходими пора билан қўлга тушди

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида жойлашган Қарши ҳарбий суди ходими 500 доллар пора билан қўлга тушди. Унинг бу қилмиши ДХХ вилоят бошқармасининг тезкор бўлимлари томонидан ўтказилган тадбирда фош этилган.

Маълум бўлишича, Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро ДХХ вилоят бошқармасига мурожаат қилиб, Қарши ҳарбий судида ўзи ва бошқа бир ҳарбий хизматчига нисбатан Жиноят кодексининг 291-моддаси билан қўзғатилган иш кўриб чиқилаётганини, суднинг якуний қарори у берадиган пора миқдорига боғлиқ эканини билдирган.

Фуқаронинг ёзишича, ўзини судья ёрдамчиси деб таништирган Қарши ҳарбий суди ходими 500 доллар берса, шериги ва ўзига тайинланиши кутилаётган 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турига алмаштириб беришларини айтган. Ва олдиндан 1 миллион сўмни пластик картасига ташлатиб олиш йўли билан қўлга киритган.

Қарши ҳарбий суди ходими талаб қилган пулнинг қолган қисмини олаётган пайтда тезкор тадбир ташкилотчилари томонидан қўлга олинган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов жараёнлари бўлиб ўтмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan