Қозоғистондаги ўрмонда юз берган кучли ёнғин натижасида 3 одам ҳалок бўлди, яна 11 киши қидирилмоқда
Абай вилоятидаги кенг кўламли ёнғин туфайли давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Ветнамга 11—13-июнь кунларига мўлжалланган расмий ташрифи бошқа кунга қолдирилди, деб хабар берди “Zakon.kz”.

Қозоғистон Президенти Абай вилоятига ташриф буюриб, тезкор йиғилиш ўтказиш ва табиий офатдан жабр кўрган фуқароларга ёрдам кўрсатиш чораларини кўришни режалаштирган.
8 июнь куни Семей орман давлат ўрмон қўриқхонаси ҳудудида бошланган табиий ёнғин майдони 9 июнь куни 30 минг гектарга кўпайди. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўрмон хўжалигининг 3 нафар ходими ҳалок бўлган, яна 11 кишини қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Йирик ёнғин муносабати билан президент Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарига тезда Абай вилоятига жўнаб кетиш ва табиий офатга қарши курашиш ишларига раҳбарлик қилишни топширди. Ҳукумат ва вилоят ҳокимлигига эса ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш топширилган.
Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлигининг Zakon.kz мухбирига маълум қилишича, кучли шамол туфайли ёнғин тезда катта ҳудудга тарқалди.