МУЛОҲАЗА

Энди ҳам кар, ҳам кўр бўламан

Бир кам етмиш ёшли падарим касалхонага тушиб қолди. Ота қишлоғимга боришим учун таксига ўтирдим. Машинада икки киши бор экан, ҳайдовчи яна бир йўловчи топиб келиш учун “Навоий бир киши. Навоий”, дея жар солганча бекат томон кетди.
Ҳамроҳларим билан ҳурмат юзасидан салом-алик қилдим. Бироздан сўнг улар нима иш қилишим, нега йўлга отланганим ҳақида суриштириб қолди.
– Отам касалхонага тушиб қолди. Шунинг учун қишлоғимга кетяпман, шу ерда ишлайман, – дедим-у, гапни чўзмай, – журналистман, – дедим. Олди ўриндиқдаги амаки худди лотореясига ютуқ чиққан одамдек хурсанд бўлиб, менга қаради:
– Сизни Худонинг ўзи етказди, укам, – деди кўзлари ёниб. Тушундимки, унинг бир “дарди” бор…
Бир папка қоғозни кўрсатиб мурожаат қилмаган жойи қолмагани, ҳалигача муаммоси ечим топмаганини айтиб қолди, олди ўриндиқдаги амаки.
– Ҳозир ҳам вилоят “Халқ қабулхонаси”га кетяпман, зора мурожаатимни ўрганиб чиқишса, – деди у.
Маълум бўлишича, у ўғлининг вафотидан кейин икки нафар фарзанди билан ўз келинини кўчага чиқариб, марҳум ўғли номидаги уйни эри ҳеч қаерда ишламайдиган яккаю-ёлғиз қизининг номига хатлаб бермоқчи экан.
– Келинингиз ва икки нафар неварангизни чирқиратиб кўчага ҳайдаб, бировнинг хасми бўлган қизингизга марҳум ўғлингиз номидаги уйни тортиб олиб беришингиз инсофдан бўлмас-ов?!. Ахир ўғлингиздан ёдгор қолган икки нафар гўдак бегона эмас. Улар ҳам сизнинг зурриёдингиз. Сизнинг бу ноқобил ҳаракатингиз туфайли ўғлингиз қабрида тик турмайдими?
Бу гап амакига зиғирча ҳам таъсир қилмади. Баттар жағи очилди:
– Ўғлимни келиним ўлдириб юборди. Ўшанга уйланмаганида ҳозир тирик юрарди. Агар билсангиз, келиним шумқадам. Набираларимга келсак, улар вақти келиб онасининг кимлигини билиб, қошимга қайтиб келишади. Барибир уйни қизимга олиб беришим керак. Ахир эри ҳеч қаерда ишламайди. Қийналиб кетди, бечора.
Тушундимки, тортишишдан наф йўқ.
Шу пайт иккинчи ҳамроҳим биқинимга туртиб гап бошлаб қолди:
– Мен пенсионерман, фарзандларим ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кетишган. Аёлим билан икки хонали уйда яшаймиз. Маҳалламиз “Обод маҳалла” дастурига тушган. Қайсидир ташкилотнинг раҳбари келиб, кўпқаватли уйимиз олдидаги ўриндиқларни, кириш йўлакларини ҳамда болалар майдончасидаги арғимчоқларни таъмирлашимизни айтиб безоримизни чиқарди. Унинг айтишича, бу ишларни ўз ҳамёнимиздан қилишимиз керак эмиш. Бу қанақаси? Ахир биз пенсионер бўлсак. Шу ишларни ўзинг қил номард. Бир ташкилотнинг раҳбари бўлсанг. Ана қўшни “дом”ни ҳам қайсидир корхона раҳбари ўз чўнтагидан тартибга келтирди-ку?! – деб қайсидир раҳбар устидан шикоят қилиб қолди.
– Обод жойда барака бўлади. Ўша раҳбарнинг гапида жон бор. Уйингиз, маҳаллангиз обод бўлса, кўз қувнайди. Ўша жойда яратувчанлик кайфияти шаклланади. Фарзандларингиз ватанпарварлик руҳида вояга етади. Маблағ масаласида бирор нарса деёлмайман. Буни ҳар томонлама, яхшилаб ўрганмай туриб, сизга аниқ бир нарса дейишим қийин. Суриштириб, қўлдан келганча ёрдам бераман, – дедим.
Суҳбат авжига чиқди, ҳамроҳларимнинг бири қўйиб, иккинчиси ҳали у, ҳали бу ташвишдан дийдиё қилди. Уларнинг арзимаган иш, ташвишдан ҳам катта муаммо “ясаб” олгани мени ажаблантирди. Гапирсам, тушунтирсам, фойдаси бўлмади. Хуллас, арзу эътирозларнинг адоғи кўринмади. Охири, пичоқ суякка етди. “Дардкаш”ларимнинг гапини шартта бўлдим:

– Энди мени ҳам эшитинглар, – дедим уларга юзланиб. – Шу десангиз, олти йилдан буён ётоқхонада яшайман. Президентимизнинг, Бош вазиримизнинг ҳатто вилоят ҳокимимизнинг биз журналистларга имтиёзли кредит асосида уй ёки ер участкаси ажратиш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинди. Бугунгача шу қарорларнинг ижросини кутаман. Кутсам яна кутавераман-у, лекин бола-чақа қишлоқда, ўзим шаҳарда, уларни олиб келишни чўнтак кўтармайди. Қишлоққа қайтай десам, тайинли иш йўқ. Ота-онам пенсионер. Отам рўзани ният қилган экан, ошқозонидаги яра ёрилиб кетгани учун касалхонадан бери келмаяпти. Онам бечоранинг пенсиясидан ҳар ой коммунал тўловлар учун ушлаб қолинади, қарзимиз бўлсаю бўлмаса фарқи йўқ. Ҳар ой битта ходимимни ё эгарчи, ё тақачи қилиб “Ҳунарманд”га аъзо қилишим керак. Сиз яшаётган уйнинг ўриндиғини, кириш йўлагини ҳамда болалар майдончасидаги арғимчоқларини ўз чўнтагимдан таъмирлашим керак. Биласизми нега? Чунки, сизга ўхшаганлар ва айрим “бўрибосар”ларнинг роҳати учун. Энг ёмони дам олиш кунлари ота-онам ва бола-чақам ҳолидан хабар олиш учун “каттакон”нинг, бурни чўчқанинг тумшуғига ўхшаган шотиридан жавоб олишим керак. Уч ёшли қизим отамдан “Дадам бизнинг қанақа қариндошимиз бўлади?” деб сўрабди, – дея гапни якунладим.
Шерикларим кўзларини чақчайтириб, менга тикилиб қолди. Шу пайт машина эшиги очилиб тўртинчи ҳамроҳ келди-ю, салом-алик ҳам қилмай, йўлкиранинг осмонга чиқиб кетгани, ўз машинасида Навоийга келиб-кетай деса, радарга тушишга тоқати йўқлигидан нолиди. Шу тобда кўнглимдан ўтгани шу бўлди: ўлай агар, энди ҳам кар, ҳам кўр бўламан!

 

Мулла Тажанг