ЎЗБЕКИСТОН

Вазир Озодбек Назарбеков “Коба санъат мажмуаси” МЧЖнинг таъсисчиси экани тасдиқланди

Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков “Коба санъат мажмуаси” МЧЖнинг таъсисчиси экани тасдиқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш мобайнида ҳақиқатан ҳам Озодбек Назарбековнинг 2016 йил 16 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖда 100 фоизлик улуш билан таъсисчи эканлиги аниқланди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14-октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”да давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги белгиланган.

Шу ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя қилган ҳолда юқоридаги ҳолат бартараф этилиб, “Коба санъат мажмуаси” МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилди.

Шунингдек,  30 май куни Маданият ва туризм вазирлигига келгусида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилинишини ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилди.


LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan