ЎЗБЕКИСТОН

Ёқилғи-энергетика тармоғини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш режа қилинмоқда

Президент Антикоррупция агентлигига Энергетика вазирлиги билан 1 сентябргача ёқилғи-энергетика тармоғини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди. ДХХ, ИИВ ва БП ҳузуридаги департамент электр ва бошқа тармоқларга ноқонуний уланишларга қарши курашади.

Ўзбекистон президенти Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Энергетика вазирлиги билан биргаликда 1 сентябргача ёқилғи-энергетика тармоғини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Президент администрациясига киритиш бўйича топшириқ берди. Бу давлат раҳбарининг 24 майдаги фармонида кўзда тутилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига «истеъмол қилинган энергия ресурслари учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг мажбурий ижро этилишини таъминлаш мақсадида» тизимнинг ҳар бир ходимининг масъулиятини ошириш топширилди.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш чора-тадбирларини кучайтириши белгиланди.

Департаментга қўшимча равишда Ўзэнергоинспекция билан ҳамкорликда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ҳамда энергия самарадор ва энергия тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида ажратилган бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг, шунингдек, Ўзбекистон кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитларининг мақсадли сарфланишини ўрганиб бориш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда фуқаролар 1 сентябрдан электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидалари бузилган ҳолатларни фото ва видеотасвирга олиб, Энергетика вазирлигининг махсус ахборот тизимига юбориши мумкин. Агар қоидабузарлик тасдиқланса, бу ҳақда хабар берганларга пул мукофоти берилади.

Шунингдек, Ўзэнергоинспекция фаолиятида «Энергоназорат» платформаси ҳамда унинг мобил иловасининг синов версияси 2024 йил 1 мартгача (Қашқадарё вилоятида), тўлиқ версияси эса 2024 йил 1 октябргача жорий этилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan