ЎЗБЕКИСТОН

Термиз шаҳри чегараси кенгайди

Ялпи мажлисда сенаторлар Сурхондарё вилояти Термиз туманининг чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳрининг чегарасини кенгайтириш ва уларни тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Термиз шаҳрига 1929 йил асос солинган. Шаҳарда ҳозирда 146 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Шаҳар аҳолисининг ошиб бораётгани ва ер майдонларининг қисқариб бораётгани шаҳар ҳудудини кенгайтириш заруратини пайдо қилди. Термиз тумани ҳудуди 85,5 минг гектарни ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларга мувофиқ ишлаб чиқилган.

Бундан кўзланган асосий мақсад, тасдиқланган бош режа асосида Термиз шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, истиқболли режаларини белгилаш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудуд инфратузилмасини яратиш, шунингдек, янги ҳудудда белгиланган талаблар доирасида ижтимоий соҳа, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилишини ташкил этиш ҳамда шу орқали янги иш ўринлари яратиш, бюджетга тушумларни кўпайтиришдан иборатдир.

Назарда тутилаётган ўзгаришларга кўра, Сурхондарё вилояти Термиз тумани ҳудудидаги “Мангузар”, “Чегара”, “Паттакесар”, “Тинчлик”, “Алишер Навоий”, “Кокилдор ота” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари тўлиқ, “Нурли диёр” ва “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг бир қисми (умумий ер майдони 1 минг 561 гектар) Термиз шаҳри таркибига ўтказилади.

Бу ўзгаришлар ҳудудда аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратиш билан бирга, Термиз шаҳар ва Термиз туманини иқтисодий жиҳатдан бошқаришда ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Сенаторлар бу бўйича қарор лойиҳасини маъқуллади.