ЖАМИЯТ

Сурхондарё вилояти ҳокими Президент табриги ва пул мукофотларини уруш фахрийларига топширди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов уруш фахрийларига Президентимиз табриги ва пул мукофотини етказди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 майдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги фармони асосида мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Мазкур фармон асосида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бири 18 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланмоқда.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, Қумқўрғон туманида яшовчи Хайит бобо Мусаев, Шўрчи туманида яшовчи Рахмонберди бобо Мирзараҳимовлар хонадонида бўлиб,  фахримиз бўлган нуроний боболаримизни ва уларнинг оила аъзоларини байрам билан табриклади, Давлатимиз раҳбарининг табригини ўқиб эшиттириб, мукофотларни топширди.

Учрашувларда фахрийлар оғир уруш йиллари ва қаҳатчилик давридаги халқимиз матонати, сабр-тоқати, эртанги ёруғ кунларга бўлган қатъий ишончи орзиқиб кутилган ғалабани яқинлаштирганини, ўт-оловли жанггоҳларда кўплаб сурхондарёлик жангчилар ўз жонини фидо қилганини таъкидлашди.

Вилоят раҳбари уруш фахрийларини самимий табриклади. Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғаларни топширди. Улар кўрсатган жасоратни халқимиз асло унутмаслигини, яна кўп йиллар роҳат-фароғатда яшашларини тилади.

Ўз навбатида уруш фахрийлари ҳам бугунги дориломон замонда уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган чексиз ғамхўрликдан мамнун эканлигини билдирди.Қолаверса, фахрийлар юртимиз тинчлиги, эзгу ниятларимиз ижобати, фарзандларимиз бахту камолини сўраб дуо қилишди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan