ХАБАРЛАР

Ёмғир, дўл ва ҳатто қор… Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳарорат меъёрдан тушиб кетади

«Ўзгидромет» дам олиш кунлари учун об-ҳаво маълумотини эълон қилди. 

Маълум қилинишича, бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво кам булутли, қуруқ ва илиқ бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати 24-29 даража атрофида бўлади. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республика шимолида ҳаво ҳарорати 18-23 даражагача пасаяди.

6 майда республика ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 18-23 гача пасаяди, бу май ойининг боши учун бўлган меъёрдан 3-5 даражага пастдир.

7 майда республикамизнинг марказий ва шарқий вилоятлари бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси 8-13 даражагача пасаяди, кундузи ҳарорат 20-25 даража атрофида бўлади.

Республиканинг айрим жойларида дўл ёғиши мумкин.

5 майда шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда, 6 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда шамол 22-25 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 5-7 май кунлари вақти-вақти билан момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Баланд тоғларда (2000 м дан юқорида) ёмғир қорга айланиши мумкин.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 5-7 май кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтимизда бугун кундуз куни ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол тезлиги 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 25-27 даражани ташкил этади.

Шанба куни кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади, 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-12 даража, кундузи 20-22 даража бўлади.

Якшанба куни куннинг иккинчи ярмида бироз  қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-12 даража, кундузи 22-24 даража бўлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan