ЖАМИЯТ

Момо ҳавони уялтираётган дард

  • Тўғриси мавзу ҳақида ёзиш оғир, ўқишнинг оғир ёки енгиллиги эса, виждонингизга боғлиқ. Лекин, масаланинг ўта муҳимлиги бизни қўлимизга қалам олишга ундади. Олдиндан қулоғингизга ёқмайдиган, қалбингизни тирнайдиган гаплар учун узр сўраймиз.

СУЮҚОЁҚ АЁЛ ОМАДСИЗЛИК КЕЛТИРАДИ

Бир йил аввал шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия йиғилишида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бир ҳолат муҳокама қилинди. Аниқроғи, шаҳримиздаги қайсидир коллеж ўқувчиси қўшнисининг хотини билан дон олишиб юрганлиги, калта кўйлакда кўчага чиққани учун рашк қилиб, хўшторини калтаклагани бошқаларни билмадиму, лекин мени ҳайратга солди. Тўғрида, эр даюснинг ишини қилиб, очиқ-сочиқ юрган аёлини қизғанмаса-ю, хўштори уни рашк қилса?! Менимча, бу ҳайратланарли. Яна бир ҳолат, кеч соат 23.00лар атрофида эр ишдан келади. Оиласи билан овқатланаётганда, иккинчи қаватдаги хонадонининг айвонида қандайдир шарпанинг қорасига кўзи тушади. Айвонга чиқиши билан шубҳали шахс ўзини пастга ташлайди. Шу куни қўни-қушнилар орасида фалончининг уйига ўғри тушибди, деган гап тарқалади. Аслида у енгилоёқ хотининг хўштори бўлиб чиқади. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин бизнинг мақсад, шаҳримизда кундан-кун ортиб бораётган бу иллатнинг илдизига болта ўриш. Шу сабаб, муаммолар ечимини муҳокама қилсак, мақсадга мувофиқ бўларимиди?!

Ҳар иккала оилани яқиндан танишишга имкон даражада ҳаракат қилдик. Улар ўзига тўқ оила. Эр ҳам, хотин ҳам иш билан таъминланган. Оилавий даромади айримлар ҳавас қилгудек даражада. Оилаларда иккитадан фарзанд бор. Хуллас, иккала оилада ҳам моддий қийинчилик йўқ. Унда, нега оила аёллари зинога ботишмоқда. У ниманинг маҳсули? Тўқликка шўхликнингми ёки бошқа сабабларнинг? Тўғри, бу оила ожизалари тўқликка шўхлик қилишмоқда. Буни инкор қилиб бўлмайди. Лекин бизни бир факт қизиқтириб қўйди. Яъни, оила эркаклари тайинсиз вақт давомида ишлашади. Аниқроғи кеч соат 23-24 ларгача ишда бўлишади. Психологларнинг фикрича ишхонадаги бундай муҳит ходимнинг оилавий аҳволига ўз таъсирини кўрсатмасдан қўймаскан.

ПСИХОЛОГИК ТАДҚИҚОТ

Агар мантиқан ўйлаб қарасак, жуда кўп нарса ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишидан келиб чиқади:

· иш ҳақларнинг камлиги – аксарият ҳолларда коррупция ёки шу каби жиноятларга ёки қашшоқликка етаклайди;

· иш вақтининг тайинсизлиги (ҳар куни кечқурун соат 22-23 (ёки ундан ҳам кеч)гача ишлаш) – фарзандлар тарбиясининг сустлашишига, оилавий ҳиёнатга етаклайди;

· дам олиш кунларисиз ишлаш – руҳий зўриқиш ва оилалардаги нотинчликка етаклайди;

· таътилсиз ишлаш – иш сифатининг кескин пасайишига олиб келади;

· меҳнат муҳофазаси таъминланмаган жойда ишлаш – ҳалок бўлганлар ва ногиронлар сонининг кўпайишига сабабчи бўлади;

· ишсизликнинг юқори даражаси – жамиятдаги умумий норозилик ва пессимистликни келтириб чиқаради, ижтимоий мувозанатни издан чиқаради.

Балки буларнинг барчаси биттада содир бўлмас. Яъни фарзандлар бир кунда бетарбия бўлиб қолмайди, оилалар бир кунда ажрашиб кетмайди, бир кунда ҳамма жиноятчи ва зинокорга ёки коррупционерга айланиб қолмайди. Лекин бу секин таъсир қилувчи оғу, вақт ўтиши билан жамиятни фалажлайди, охир-оқибат барибир салбий оқибат содир бўлади. Айнан шу ҳолат ҳам оилали аёлларнинг фаҳш ботқоғига ботишига сабаб бўлаётгандир. Ҳар ҳолда психологлар кўп нарсани билишади.

САБАБСИЗ ОҚИБАТ БЎЛМАЙДИ

Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак шаҳримизда фоҳишаликни тирикчилик манбаига айлантирганлар ёки шу йўлни танлашга мажбур қиладиган шароитлар ҳам йўқ эмас.

Биргина мисол. Эри ҳеч қаерда ишламайди. Аёл умумий овқатланиш шаҳобчаларидан бирида идиш-товоқ ювади. Ўртада фарзанд бор. Аёл дардини айтиб қолди. “Сўнгги ойда ўғлим касал бўлиб қолди, ноилож онамдан қолган узугимни сотдим, шунинг пулига даволатдим. Бу ёғига қандай яшаймиз? Агар онамнинг мероси бўлмаганида, ўлай агар, ўзимни сотишга ҳам тайёр эдим, чунки болам яна касал бўлса, ҳеч қандай чорам йўқ”, дейди аёл. Бу ягона ҳол эмас, биргина шу воқеанинг ўзида бир нечта муаммо бўй кўрсатади. Эри ишламагани учун боласига моддий ёрдам ололмайди, ўзининг ҳунари йўқ, дори-дармонлар эса асосан четдан олиб кирилади ва қиммат.

Оч қолса, танасини сотавериши керак эмас, албатта. Аммо бу билан айрим аёлларнинг моддий қийинчилик туфайли шу йўлга кираётганидан ҳам кўз юма олмаймиз. Хўш, нима қилиш керак? Ишламаса, боласини боқа олмаса, давлат боқиб берсинми? Албатта, йўқ. Қўлдан берганга қуш тўймас. Қорни оч одамга балиқ бергандан кўра, қармоқ бериб, қаерда яхши балиқ илинишини кўрсатган савоблироқ, чунки иккинчи ҳолда сиз унга бир умрлик яхшилик қилган бўласиз. Демак, аёллар, қизларни ёшликдан катта ҳаётга пухта тайёрлаб бориш, уларга билим, ҳунар, малака ўрганишлари учун етарлича шароит яратиб бериш, иш билан таъминлаш, оилани режалаштиришни ўргатиш кабилар катта аҳамиятга эга.

Бирлашган Араб Амирлигида аёллар учун Меҳрибонлик уйи ташкил этилган. Қийин аҳволга тушиб қолган аёллар уч ойгача шу уйларда болалари билан яшаши мумкин. Уларга бепул бошпана, уч маҳал овқат, тиббий ёрдам берилади. Бу ерга оиласидан ажрашган, борар жойи йўқ, эри бехосдан ўлиб қолган, хуллас, ҳаётнинг кутилмаган зарбасига дуч келган аёллар мурожаат қилар экан. Уч ой ичида аёл бирон касб ўрганиши, иш топиши, хуллас, муаммосини ечиш йўлларини ахтариши мумкин. Биздачи? Бизда ҳам бор. Лекин, собиқ шуролар давридан қолган кайфиятда, яъни “для галичка” учун барпо этилган.

Аслида фоҳишалик жуда қадимий касб, уни бутунлай йўқотиб бўлмайди ҳам. Лекин ҳар бир давлат, ҳар қандай тузум унга қарши курашади, жараённи назоратда ушлаб туришга ҳаракат қилади. Баъзилар нуқул фоҳишаларга қарши рейд ўтказаверишни ёқламайди, буни ҳатто, инсон ҳуқуқларига зид дегувчилар ҳам бор. Бироқ Ғарбнинг энг демократик давлатларида ҳам фоҳишалар тартиббузар сифатида қўлга олинади, турли профилактика тадбирлари ўтказилади. АҚШнинг айрим штатларида нафақат фоҳишалар, балки уларнинг мижозлари-да жавобгарликка тортилиши, жиноят қуроли сифатида автоуловлари ва турар жойлари мусодара қилиниши ҳақидаги қонунлар бор. Демоқчи бўлганимиз, оқибат билан ҳам курашиш, бу соҳадаги ишларни ҳеч қачон тўхтатмаслик керак. Ахир, шу рейдлар натижасида қанчадан-қанча ноқонуний фаолият олиб бораётган шахслар аниқланади, катта жиноятлар фош қилинади, таносил касалликлари тарқалиши олди олинади, нечта одамнинг соғлиғи, насли сақлаб қолинади.

Аммо… Бу шундай дардки, ҳар томонлама курашмасангиз, комплекс чора кўрмасангиз, жиловлай олмайсиз: наслни бузади, оилаларни барбод қилади, ахлоқ ва тарбияга путур етказади, ҳозирги глобаллашув замонида эса халқаро миқёсда обрўингизни тўкади. Бизда чоралар бор, аммо комплекс чоралар тизими етарлича ишлаб чиқилмаган ва жорий этилмаган. Комплекс чора деганда муаммога олиб келувчи сабаблар занжирининг ҳар бир ҳалқасига зарба берилиши ва узилиши, парчалаб ташланиши тушунилади.

Бу ерда нафақат ахлоқий, балки ижтимоий-иқтисодий сабаблар, анча ривожланган ва чуқур илдиз отган “секс-индустрия” тизими, бу индустрия ортидан кун кўраётган ва миллионларни ишлаётган катта “наҳанг”лар, шунга йўл қўйиб берган шароит, қонунчиликдаги заиф томонлар, аёллар ижтимоий ҳимояси, оилалардаги ажрашишлар ва ҳоказо ўнлаб жиҳатлар борки, ҳар бири билан энг сўнгги ғалаба нуқтасигача курашилмас экан, одоб-ахлоқ дарслари, “тунги капалаклар ови” амалиётлари, диний ваъзлар ва жамоатчилик фикри билангина натижага эришишимиз қийин.