ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистонда стратегик аҳамиятга эга 40 та корхона IPO’га олиб чиқилади

Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича “1 минг + 1 минг + 40” дастури қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатдаги иқтисодий жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга бўлган 40 та корхона IPO’га олиб чиқилади, яъни уларнинг акциялари фонд биржасида сотиш учун илк марта чиқарилади. Бу ҳақда бугун, 27 апрель куни Халқаро конгресс марказида ўтказилган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Форумда таъкидланганидек, Ўзбекистонда “1 минг + 1 минг + 40” дастури бўйича мингта корхонадаги давлат улушлари, мингта давлатга тегишли кўчмас мулк объекти очиқ аукционга қўйилади. Бундан ташқари, давлат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган 40 та корхона IPO’га олиб чиқилади. 

“Биз индустриал ривожланишни янги босқичга олиб чиқишга устувор аҳамият берамиз”, дейди давлат раҳбари форумдаги чиқишида. 

Ўзбекистонда тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, электр техникаси, машинасозлик тармоқлари етарли хомашё базаси ва малакали кадрларга эга эканини ҳисобга олиб, шу соҳаларда “катта сакраш”ни амалга ошириш ва экспорт ҳажмини 2 бараварга кўпайтириш учун етарли имкониятлар борлиги эътироф этилган. 

Ўзбекистон буларни олиб келадиган инвесторларга барча шароитларни яратиш, алоҳида технопарк ҳамда саноат зоналари ташкил қилиш ва бошқа қўшимча имтиёзларни яратиб беришга тайёрлиги маълум қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan