
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм маданият марказида “Ибратли ҳарбий оила” кўрик-танловининг Жанубий оператив қўмондонлиги босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу танловда Жанубий оператив қўмондонлиги, ҳарбий қисм ҳарбий хизатчилари ва уларнинг оила аъзолари, ўқувчи ёшлар, Сурхондарё вилоят Мудофаа ишлар бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахасисликлари бўйича тайёрлаш маркази чақирилувчилари ҳамда фахрийлар ва давлат ва жамоат ташкилотлари иштирок этди.

Унда жами Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасалардан 8 нафар ҳарбий оилалар “Оилам менинг бахтим”, “Мен уддабурон оила бекасиман”, “Фарзандим дилбандим”, “Санъатим-саодатим” шартлари бўйича ўз билим ва салоҳиятини ишга солган ҳолда ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Миллий анъана ва қадриятларимиз руҳи акс этган беллашувда ҳар бир оила ўз чиқиши орқали оила маънавияти, маданиятини энг гўзал кўринишларда ифода этиб, муқаддас қўрғоннинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб берди.

Ушбу танловда ҳарбий оилалар ўзлари хизмат қилаётган вилоятнинг урф одатларини олиб чиқиш билан биргаликда шеър, қўшиқ айтиш ва саҳна кўринишини ижро этиш бобида ҳатто профессионаллар билан беллашадиган иштирокчи ота-оналар ва уларнинг фарзандлари қобилиятига, истеъдодига таҳсинлар айтилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг куй-қўшиқ ва рақслар ижроси юксак баҳоланди.

Танловда Термиз гарнизонидан кичик сержант Умиджон Каримов оиласи ғолиб бўлди. Какайди гарнизонидан кичик сержант Муқум Тўйчибоев оиласи иккинчи ва Хайраобод гарнизонидан III даражали сержант Исомиддин Махмудовлар оиласи учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар Жанубий оператив қўмондонлигнинг диплом, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди, ғолибларга совғаларни Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуарвий ишлар бўйича ўринбосари полковник Алишер Ширинов топширди.

Кўрик танловда ғолиб бўлган ҳарбий оила Мудофаа вазирлиги босқичида бўлиб ўтадиган “Ибратли ҳарбий оила” кўрик танловида иштирок этади.
III даражали сержант Акбар Аҳмедов,
Термиз гарнизони