ХАБАРЛАР

Қорақалпоғистонда мактаб ўқувчиларига берилган егулик ичидан қум чиқди

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги 41-мактабда бошланғич синф ўқувчиларига берилган ширинлик ичидан қум чиқди. Бу ҳақда мактаб ўқитувчиси Багдагул Бекбосинова 8 апрель куни ижтимоий тармоқлар орқали маълум қилди.

Унинг айтишича, президент ташаббуси билан Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда бошланғич синф ўқувчиларига берилаётган бепул егуликларнинг сифати жуда қониқарсиз.

«Шу кунгача берилган маҳсулотлар бўйича қатор камчиликларни мактаб раҳбариятига айтиб келганман. Олмалари ювилмаган, чириган. Кекс ичидан қизлар сочига тақадиган „невидимка“, ун қопини тикадиган ип чиққан кунлар ҳам бўлган. Лекин 2023 йилнинг 7 апрель куни 2-„Б“ синфидаги ўқувчимнинг конфетидан қум аралаш тупроқ чиқди. Қиз бечора ярмини еган. Конфет ўралган қоғозини кўздан ўтказсам, ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч нима ёзилмаган», — дейди педагог.

Багдагул Бекбосинова мазкур ҳолатга масъул бўлган мутасаддилар жавоб беришлари кераклигини таъкидлаган.

«Бундай маҳсулотларни бериб, болаларнинг соғлиғига зарар етказиб, берганидан бермагани яхши эмасми? Келажагимиз бўлган болалар соғлиғи барча учун муҳим. Тегишли жавобгар шахслар бундай сифатсиз маҳсулотни олиб келиб болаларга тарқатгани учун жавоб беришини сўраб қоламан. Хар бир ўқувчи учун кунига неча сўм сарфланади? Берилаётган маҳсулотлар шу пулга арзийдими?» — дейди ўқитувчи.

Педагог ўз мурожаатига факт сифатида чириган олманинг расми, егуликлар ичидан сочга тақиладиган тўғноғич ва қум чиққани акс этган видеоларни ҳам келтирган.

Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ҳолат бўйича Хўжайли тумани халқ таълими бўлими томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Туман ХТБга қарашли мазкур 41-мактабда жами 961 нафар ўқувчи ўқийди, шундан 388 нафари — бошланғич синф ўқувчилари. Уларга озиқ-овқат маҳсулотларини 2022 йил 10 октябрдан бери Bekbergen Servis Orayi МЧЖ етказиб бермоқда.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, ушбу корхона томонидан 7 апрель куни 41-мактабдаги 388 нафар бошланғич синф ўқувчиси учун тасдиқланган таомнома (меню) асосида ёнғоқли кекс, «Стел» шоколади, олма, ширин чой етказиб берилган. Келтирилган егуликлар соат 09:45 да махсус комиссия аъзолари томонидан қабул қилиб олинган.

Қайд этилишича, шу куни 2-«Б» синф ўқувчиларига берилган «Стел» шоколадидан қум чиққан ва синф раҳбари Б.Бекбосинова ҳолат бўйича мактаб раҳбариятига видеохабар орқали мурожаат қилган. Мактаб раҳбарияти бу ҳақда етказиб берувчи кейтеринг корхонасига маълумот берган.

Эътиборли жиҳати, номи «Стел» дея қайд этилган шоколаднинг ташқи кўриниши «Степ» шоколадиники билан жуда ўхшаш. Синф раҳбари ҳам «конфет ишлаб чиқарувчиси ҳақида ҳеч нима ёзилмагани» ҳақида гапирган.

бепул озиқ-овқат, қорақалпоғистон

«Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қўшимча ўрганиш ишлари амалга оширилишини ҳамда бунинг натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз», — дейилади вазирлик ахборотида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan