TA'LIM

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА

Давлатимиз томонидан 2023 йилнинг «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили дея эълон қилиниши мамлакатимизда инсон қадри юқори туриши ва таълим сифати энг муҳим соҳалардан эканлигидан далолатдир. Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг «Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўли» дея таъкидлагани эса бунинг ёрқин исботи десак муболаға бўлмайди.

Маълумки, сифатли таълимни шакллантириш учун эътиборни фақат мактаб, коллеж, ёҳуд олий таълим муассалалари қаратиш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Болаларнинг дастлабки билим ва кўникмаларни олиши, атрофни тушуниб англашида аввало мактабгача таълим ташкилотларининг ўрни беқиёсдир.

Болаларнинг саводхонлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи таълим муҳити қизиқарли бўлиши, ақлий ривожланиш учун мос ўқув материаллари ва китобларни ўз ичига олиши керак. Мактабгача ёшдаги болаларда китоб мутолааси маданиятини, китобга меҳрини ошириш таълим даражасини юксалтириш, ҳар томонлама баркамол ва муваффақиятли шахсни шакллантириш билан бевосита боғлиқдир.

Айни шу вазифалар натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда “Болалар таълими ва овқатланиши учун МакГоверн-Доул халқаро озиқ-овқат дастури” доирасида Ўзбекистондаги Меҳрибонлик Корпуси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларидаги 28 та мақсадли давлат мактабгача таълим ташкилотларида Китоб бурчаклари ташкил этиш ишлари олиб борилди.

Дастур доирасида МТТда китоб бурчаклари ташкил этиш учун ташкилот томонидан гилам, ёстиқчалар, 2 тадан китоб жавонлари ҳамда 77 турдаги китоблар тақдим этилди. Китоб бурчагидаги китоблар ва дидактик материаллари ўзбек ва дунё халқлари ва замонавий эртаклар, ҳамда болаларнинг илк ёшидан саводхонлигини шакллантириш учун алифбо ва математик мисоллар, идрок малакаларни ривожлантирувчи китобларни ўз ичига олган.

Шунингдек, китоб бурчагида мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнини ташкил етиш, болаларнинг нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш малакаларини ривожлантириш ҳамда уларнинг эрта саводхонлигини ривожлантирувчи усуллари бўйича педагоглар учун услубий қўлланмалар мавжуд. Шунингдек, китоблар орасида ота-оналар учун ҳам махсус китоблар ўрин эгаллаган.

Мактабгача таълим ташкилотида китоб бурчагини ташкил этишдан асосий мақсад тарбияланувчиларнинг бадиий адабиёт олами билан яқиндан таништириб бориш, хотира ва фантазиясини ривожлантириш, китобхонликка ва китобга меҳр уйғотишлари учун қулай шарт-шароит яратишдан иборат.

Китоб бурчаклари болаларга босма матндан доимий фойдаланиш имконини беради, чунки улар китобларни қулай ҳолатда кўришлари ва ўқишлари мумкин. Айтиш жоизки, китоб бурчаклари ташаббускорлик, қатъий алоқа, танқидий фикрлаш, ижодкорлик ва қизиқиш, узлуксиз таълим олишга тайёргарлик каби ХХI аср кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистондаги Меҳрибонлик корпуси ва Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда педагоглар салоҳиятини ошириш учун мураббийлик дастури бўйича давлат таълим ташкилоти маъмурияти билан ҳамкорликни давом эттиришни ва болалар учун китобхонликни тарғиб қилиш бўйича танлов ҳамда тадбирларни ўтказишни, яна бир қанча ДМТТларда ҳам шундай китоб бурчакларини ташкил этишни режалаштирмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan