TA'LIM

“Прописка”си бошқа туманда бўлган фуқаро фарзандини бошқа тумандаги мактабга берса бўладими?

Феруза Орипова, Тошкент шаҳри: — Менинг доимий “пропискам” Чилонзор туманида. Аммо 15 йилдан бери Яшнобод туманида яшайман. Биринчи синфга чиқадиган қизимни Яшнободдаги мактабга берсам бўладими?

— Ҳозирда фарзандини 1-синфга бераётган ота-оналарнинг аксариятини шу каби саволлар қизиқтирмоқда. Бу ҳолатда ота-оналар 31 июлгача микроҳудуд ичида ҳужжат топшириш ва 1 августдан 15 августгача микроҳудуддан ташқарида бўлган ҳудудга ариза топшириш имкониятига эга. Ариза топширгандан кейин бўш ўрин бўлишига қараб, фарзандини ўзларига яқин ҳудуддаги мактабга беришлари мумкин.

— Платформада айрим ота-оналарнинг яшаш манзили паспорт бўйича эмас, бошқа маҳалладан чиқяпти. Иккала ҳолатда ҳам ариза топширсак қайтяпти. Бу бўйича қандай маслаҳат берасиз?

— Платформа бошқа ташкилотларнинг ахборот маълумот базалари билан интеграция қилинган. Мисол учун, Адлия вазирлигида метирка, паспорт маълумотлари, прописка бўйича Ички ишлар вазирлиги, Кадастр агентлиги базасига уланган, яъни интеграция қилинган. Электрон тарзда паспорт маълумотларига қараб прописка маълумотларини тегишли ахборот тизимларидан автомат тарзда тизим чиқариб беради. 

Масалан, рақамлаштиришда маълумотларни шакллантиришда баъзи бир хатоликлар юзага келган бўлиши мумкин. Шунга ўхшаш муаммо бўлса, 71 203-07-04 рақамига мурожаат қилинса, техникларимиз буни алоҳида манзилли ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатишади.

Прописканинг ёзув маълумотларида хатоликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин. Агар техник сабаблар туфайли бўлса, ходимларимиз муаммони ечиб, тизимда тўғрилашга ёрдам беришади.

— Бола мактабга қабул қилинганидан сўнг, хусусий мактабга олиб кетиш мумкинми? Уни платформадан ўчириш тартиби қандай бўлади?

— Ота-она онлайн платформадан рўйхатдан ўтгач, аризаси қабул қилинган бўлса, бу аризани қайтариш жараёнида ходимларимиз томонидан озгина расмиятчилик сўралади. Мактабга қабул қилинган аризани мактаб платформадан ўчириб юборолмайди. Бунақа ҳолатда техникларимиз тегишли ҳужжатларни олиб, ўша мактабдан аризани ўчириб беришади. Ота-она хоҳишларига қараб хусусий мактабга фарзандини олиб бориши мумкин.

— Бандихон туманида яшовчи фуқаронинг фарзандини Термиз шаҳридаги мактабга берса бўладими?

— Албатта бўлади. Фақат бир томонини ҳисобга олишга тўғри келади. Қонунчиликда ҳам, амалиётда ҳам вояга етмаган фарзанд таълими ва тарбияси учун ота-она масъул. Болани мактабга жойлашдан ташқари унинг таълими, соғлиғи, назорати каби масалалар бўлади. Шу сабабли бу жараённи ҳар томонлама ўйлаб кўришга тўғри келади. Агар бола ота-онаси назоратида бўладиган бўлса, уни мактабга жойлаштиришда ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan