ДУНЁ

Шарқда янги блок тузиладими?

Агар Москва Нью-Деҳли ва Пекинга икки томонлама муносабатлардаги қарама-қаршиликларни бартараф этишга ёрдам берса, Россия, Ҳиндистон ва Хитой доллар ҳукмронлигидан “қутулиш” ғояси асосида янги сиёсий ва иқтисодий блокда бирлашиши мумкин. Бу ҳақда “The Diplomat” нашри ёзмоқда.

Ғарб гегемонлигидан хавотир сўнгги пайтларда Ҳиндистон стратегик маданиятининг муҳим қисмига айланган. Нью-Деҳли йиллар давомида Ғарб давлатларининг кенг тарқалган иқтисодий санкциялари ва доллар ҳукмронлиги борасида хавотирда бўлган. Шу билан бирга, Хитой ҳам Тайвань атрофида кескинликнинг кучайиши шароитида Ғарб томонидан эҳтимолий иқтисодий жавоб зарбасидан қўрққан ва унга қарши мослашувчан мудофаа механизмларини шакллантиришдан манфаатдор бўлган. Россия эса мазкур шароитда Хитой ва Ҳиндистон билан савдони қайта йўналтириш учун Ғарб давлатларининг мисли кўрилмаган санкциялар босимига қарши миллий валюталарда ҳисоб-китобларни ўз ичига олган параллел иқтисодиётни қуришга киришган.

Бироқ Ҳиндистон давлат чегарасидаги узоқ муддатли можаролар туфайли доллардан холи параллел иқтисодий тизим қуриш учун Хитой билан фаол ҳамкорлик қилишни бошлашга ҳозир тайёр эмас. Хусусан, 2020 йилда чегарадаги қуролли тўқнашувлардан сўнг Ҳиндистон ҳукумати смартфонлар учун Хитойнинг кўплаб иловаларини блоклаб қўйган ва хитойлик инвесторларнинг республикадаги лойиҳаларга киришини чеклаган. 

“Аммо Ҳиндистон билан чегарадаги қарама-қаршиликларни ҳал қилиш сўнгги пайтларда Хитой раҳбарияти назарида борган сари аҳамиятсиз масалага айланиб бормоқда. Пекин ўзини АҚШга глобал стратегик рақиб сифатида кўрсатишга интилади”, дейди сиёсий шарҳловчи Муҳаммад Зишан.

Айтилишича, бундай шароитда Россия долларга муқобил иқтисодий тизимни ишлаб чиқиш учун уч мамлакат манфаатларининг яқинлашувидан – Ғарб санкциялари остида қолиш қўрқувидан фойдаланиши керак. Агар Россия Президенти Владимир Путин икки давлат раҳбарларини олий даражадаги мақсадга эришиш учун улар ўртасидаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш зарурлигига ишонтира олса, шарқда янги блок ташкил этиш ҳақида гапириш мумкин. 
“Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти ёки 2023 йил охиригача бўлиб ўтадиган G20 саммитида у [Путин] шундай имкониятга эга бўлиши мумкин. Вашингтон эса бу вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиши керак”, деб таъкидлайди Зишан.

Эслатиб ўтамиз, Хитой ва Бразилия савдо операцияларида ўз валюталари фойдасига доллардан воз кечишга қарор қилганини расман эълон қилганди. Эндиликда икки давлатда АҚШ валютасини олдиндан конвертация қилиш ўрнига тўғридан-тўғри юан ёки реалда (Бразилия реали – мамлакат пул бирлиги) амалга ошириладиган бўлганди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan