40 мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирок этган кенг миқёсли Интерпол операцияси давомида рекорд миқдордаги кибержиноят гумонланувчилари – 5,5 минг киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда ташкилотнинг тегишли баёнотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, июлдан ноябргача давом этган операция давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари турли валюталарда ўғирланган 400 миллион доллардан ортиқ маблағ ва виртуал активларни ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлган.
Интерполнинг аниқлик киритишича, операция етти турдаги кибержиноятларга, жумладан телефон орқали фирибгарлик, онлайн танишув фирибгарликлари, интернетда ноқонуний қимор ўйинларини ташкил қилиш ва ҳоказоларга қарши курашишга қаратилган.
Қайд этилишича, операция натижасида Корея Республикаси ҳукумати Хитой ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда 1,9 мингдан ортиқ киши тан жароҳати олган ва жами тахминан 1,1 миллиард доллар ўғирланган жиноий синдикатни фош этишга муваффақ бўлган. Жиноий гуруҳнинг камида 27 нафар аъзоси қўлга олинди, уларнинг 19 нафарига нисбатан кейинчалик айблов эълон қилинди.
“Кибержиноятнинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин – одамлар ўз жамғармаларини йўқотади, бизнес ўз фаолиятини давом эттира олмайди, рақамли ва молиявий тизимларга бўлган ишонч сусаяди. Кибержиноятнинг трансчегаравий хусусияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг халқаро ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлайди”, дейди Интерпол бош котиби Вальдез Уркиза.