ДУНЁ

АҚШ. Тўппончалар вирусга қарши

АҚШда коронаинқироз даврида қурол савдоси кескин суръатда ошди. Кўринишидан, фуқаролар тартибсизлик келиб чиқишидан чўчишмоқда ва унга тайёр туришга уринишмоқда, деб ёзади австриянингDie Zeit нашри.    Номи келтирилмаётган кекса ёшдаги орегоналик аёл Американинг New Yorker журналига шундай дейди: “Ҳеч қачон қуролга муҳтож бўламан деб ўйламагандим. Сўнгги вазият фикримни ўзгартирди. Узоқ йиллардан буён ёлғиз яшайман. Тартибсизлик келиб чиқиши ноаён, бироқ дунё аввалгидек эмас.” У қурол сотиладиган дўкондан ярим автоматик пистолетни танлади. Унинг магазини 30 та ўқни жойлайди. Пистолет ёрдамида аёл талончилардан ўзини ҳимоя қилишни истайди. “Улар икки ойдан сўнг шаҳар очлик қаърида қолганда келади”-дейди у. Аёл 16 қути ўқлар жамланмасини ҳам сотиб олди, деб ёзади нашр. АҚШнинг кўпгина штатларида тўппонча сотиб олиш у қадар  мушкул эмас. Миллий ўқотарлик ассоциацияси (NRA) ўз атрофида 5 миллион  иштирокчини жамлаган ва улар қурол савдосини қўллаш ва бунга оид қонунларни юмшатиш бўйича кураш олиб боради. Женеванинг халқаро муносабатлар ва тараққиёт институти тадқиқоти натижаларига кўра, АҚШда ўқотар қуроллар одам сонидан сезиларли даражада кўп. Ҳар 100 кишига 120 донадан ўзи сотиб олган тўппонча ва винтовкалар тўғри келади. АҚШда коронавирус пандемияси юз бергач, қурол савдоси яна тез суръатларда кўтарилди, ФБР тақдим этган маълумотга кўра, март ойининг ўзида 2,5 миллион дона қурол сотилган, бу ўтган йилнинг шу ойидаги кўрсаткичга нисбатан 85 фоизга кўпдир. “Одамлар асабийлашмоқда. Улар касаллар сони кўпаяверса ва зарур ташкилотлар арзирли фаолият кўрсата олмаса  фуқаролар ўртасида эҳтирослар тўлқини бошланишидан ташвишга тушишган.” – дейди қуроллар бўйича эксперт, Жоржиа штати университети профессори  Тимоти Литтон The  New York Times нашрига. Аҳоли ўртасида қўрқувни NRA ҳам ёймоқда. Ташкилот роликларидан бири шундай мазмунда. Аёл киши қўлида қурол кўтариб, сўзлайди: “Тарихдан билганим шуки, инқирозлар жамиятни бўлиб ташлайди. Хуқуқни ҳимоя қилиш идоралари етарли хавфсизлик билан таъминлай олмайди, буни фақат ўз қуролинг қилиши мумкин”. Қурол қўллаб-қувватловчилари аҳоли орасидаги  тушкун кайфиятдан ўз мақсадларида фойдаланишмоқда. Rew Research Center тадқиқот маркази ўтказган сўровга кўра, 2018 йилнинг сўнгида аҳолининг 37 фоизгина қисми  полиция доим ёки кўп ҳолларда жиноятчиликдан ҳимоя қилиш қурбига эга, деб ишонган. Бу ишончсизликка полициянинг ўзида эпидемиядан кейинги заифлашув ҳам сабаб бўлган. Нью-Йоркда ҳозирда ҳар олтинчи хизматчининг ўзи касалланган ёки карантинда. Аксинча, дея қайд этади нашр, ўтган ҳафтада Нью-Йорк ҳамда Лос-Анжелесда ўтган ойларга нисбатан жиноятчилик кўламининг пасайгани ҳақида маълум қилишди.

Айрим штатлар меъёрдан ортиқ қурол савдосини назорат остига олишга уринишмоқда. Калифорния ҳудудларида қурол сотиладиган бир қанча дўқонлар ёпилган.

“Die Zeit