ХАБАРЛАР

Ўзбекистонда 2030 йилга бориб метан чиқиндилар ҳажми 30 фоизга камайтирилади

БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида 30 март куни “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда мақбул ечим сифатида чиқиндининг нол даражаси роли” мавзусида Бош ассамблеянинг юқори даражадаги мажлиси бўлиб ўтди.

Туркия ҳукумати, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича ва аҳоли пунктлари дастурлари (БМТ-Хабитат) кўмагида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов иштирок этди. 

Мажлисда Борий Алихонов ўз маърузасида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни бошқариш ва қайта ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида атрофлича ахборот берди. 

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси ва 2030 йилгача “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси қабул қилингани, уларда аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни 100 фоизга етказиш, ҳосил бўладиган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоизга ошириш, шунингдек, “айланма иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар изчил амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Таъкидланишича, мазкур чора-тадбирлар маиший чиқиндиларни полигонларга ташлаш ҳажмини 60 фоизгача камайтириш, 200 дан ортиқ чиқинди полигонлари ерларини тўлиқ ўзлаштириш, яшил ҳудудга айлантириш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Мажлисда иштирокчилар Ўзбекистон 2022 йилда Метан чиқиндиларини камайтириш бўйича глобал мажбуриятларга қўшилгани ва 2030 йилга бориб уларнинг ҳажмини 30 фоизга камайтиришни мақсад қилгани маълум қилинди.

2023 йилнинг бошида Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи марта чиқинди газини икки йирик полигонда электр энергиясига айлантириш лойиҳаси ишга туширилганини мамлакатнинг иқлим ўзгаришига қарши курашишга қатъий интилаётганига мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Тадбир якунида чиқиндиларни биргаликда ўзаро манфаатли ва самарали бошқариш бўйича қатор таклифлар берилди, шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ ва аъзо давлатлар билан масъулиятли ишлаб чиқариш ва истеъмолни таъминлаш соҳасида, шу жумладан, “Нол чиқинди” ташаббусини илгари суришда ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлиги билдирилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan