ЎЗБЕКИСТОН

“Вилоят ҳокими олимпиадаси”: Қашқадарёлик ўқувчиларга ОТМга имтиҳонсиз кириш имтиёзи берилмоқда

Жорий йилнинг апрель-май ойларида Қашқадарё вилоятида 10 та умумтаълим фанлари бўйича 11-синф ўқувчилари ўртасида “Вилоят ҳокими олимпиадаси” ўтказилади. Аниқ ва табиий фанлар бўйича ғолиб ўқувчилар Қарши давлат университетига имтиҳонсиз тўғридан-тўғри талабаликка қабул қилинади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Муротжон Азимов воҳилик ўқитувчилар билан учрашувда маълум қилди. 

Ҳоким вилоятда мактаб таълимини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш бўйича олдинда турган қатор вазифаларни санаб ўтди. 

Қайд этилишича, Қашқадарёда мактаблардаги шароитларни яхшилаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинади. Ушбу Дастур доирасида жорий йилнинг ўзида давлат бюджетидан 500 миллиардсўм ажратилади.

 Буни ҳисобидан: 

– мактабларда қўшимча 30 минг ўқувчи ўрни яратилади;

-542 та мактаблар компьютер билан жиҳозланади;

– 510 та мактабда парта ва доскаларни тўлиқ янгиланади;

-мактаблар иситиш тизимини яхшилаш бўйича маҳаллий бюджетдан 50 млрд сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек:

-1-4-синфларда илғор хорижий тажриба асосида яратилган дарсликлар, 5-11-синфларда Президент мактаблари дастури ва дарсликлари бўйича таълим бериш йўлга қўйилади;

-13 нафар хорижий мутахассис олиб келиниб, ўқитувчиларга илғор дарс ўтиш технологиялари ўргатилади;

-мактабларни 9 та мезон бўйича масофадан баҳолаш тизими жорий қилинади.

Шунингдек, вилоятдаги олий ўқув юртларида Хорижий тил йўналишида таълим олаётган иқтидорли 3-4 курс талабалари саралаб олиниб, умумтаълим мактабларида хорижий тилни ўқитишга жалб қилинади ва уларнинг иш хақлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади.

Янги қабул қилинган қарорга кўра эса, жорий йилнинг апрель-май ойларида 10 та умумтаълим фанлари бўйича 11-синф ўқувчилари ўртасида “Вилоят ҳокими олимпиадаси” ўтказилади. Аниқ ва табиий фанлар бўйича ғолиб ўқувчилар Қарши давлат университетига имтиҳонсиз тўғридан-тўғри талабаликка қабул қилинади.

Республика фан олимпиадаларида фахрий ўринларни эгаллаган ўқувчилар мураббийларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш тизими жорий қилинади.

Қайд этилишича, Китоб туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати ўқувчилари математика фани бўйича халқаро ва Республика олимпиадаларида кўплаб ютуқларга эришмоқда.

Жорий йил якунига қадар Китоб туманида математика фани  бўйича ўқувчиларни халқаро олимпиадага тайёрлаш маркази ташкил этилади ва бу ишларга Абдиев Бахтиёр бош-қош бўлади.
 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan