
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қайд этилган фойда солиғи бўйича ҳолатлар Солиқ қўмитаси томонидан зудлик билан ўрганилди. Бу ҳақда қўмита Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд қилинишича, ушбу камчиликларга йўл қўйганликлари учун Солиқ қўмитаси масъул назорат департаменти бошлиғи Б.Муқимов ва Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи О.Лутфиллаев эгаллаган лавозимларидан озод этилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжанов ва Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Мирпўлатовнинг махсус унвонлари бир поғонага пасайтирилиб, интизомий жазо чораси белгиланган.
Шунингдек, Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бошлиғи Х.Базаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланган.
Фойда солиғи бўнак тўловлари ҳисобидан буджетга ундирилган ортиқча маблағларни 28 март куни соат 13:00 га қадар солиқ тўловчиларга тўлиқ қайтариш вазифаси белгилаб олинган.
Қайд этилган ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳар солиқ органларида махсус бошқарма томонидан хизмат текшириши ўтказиш ва натижалари бўйича ҳужжатларни ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига юбориш вазифаси топширилган.
️»Ҳурматли тадбиркорлар, Солиқ қўмитаси қайд этилган ҳолатлар бўйича вақтида ахборот берган тадбиркорлик субектларига миннатдорлик билдирган ҳолда, суммасидан қатъий назар келгусида қайд этиладиган ҳар бир ҳолат бўйича Солиқ қўмитасига ёки @dsq_anticorrupciya_bot га мурожаат қилишингизни илтимос қилади», – дейилади расмий муносабатда.