ХАБАРЛАР

«Ўзбекистон темир йўллари» Қорақалпоғистонда қулаб тушган янги темир йўл бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Амударё туманида қурилаётган кўприк қулаб тушгани акс этган суратлар тарқалган эди.

Ҳолат юзасидан Амударё тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати расмий муносабатида янги кўприк қурилиши лойиҳасига буюртмачи этиб – «O‘zbekiston temir yo‘llari» АЖ, Бош лойиҳачи этиб — «Boshtransloyiha» АЖ, Бош пудратчи этиб — «O‘zbekiston temir yo‘llari» АЖнинг таркибий бўлинмалари белгиланганлиги айтилди.

«O‘zbekiston temir yo‘llari» АЖ ахборот хизмати маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё тумани ҳудудининг шимолий қисмидан ўтувчи Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу (А-380) автомобиль йўлининг 717-718-км оралиғида янги темир йўл йўл ўтказгичини қуриш даврида иккита оралиқ балка ҳозирча номаълум сабабларга кўра тушиб кетган.

Ушбу нохуш ҳолатдан ҳеч ким жабр кўрмаган. Бугунги кунда ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида тегишли мутахассислар ва махсус лаборатория ходимлари сафарбар қилинган, дейилади хабарда.

«Тақдим этилган қисқа видеодан кўриниб турибдики, ушбу сунъий иншоотнинг қурилиш-монтаж ишлари тугалланмаган, кейинги босқичда йўл ўтказгич темир йўл билан улаш, темир йўлнинг юқори тузилиши, рельслар ва шпаллар ётқизилиши керак. Балкаларнинг қулаши натижасида объект структурасининг бошқа тузилмалари ва қурилиш ускуналари шикастланмади.

Ушбу йўл ўтказгични Амударё устидан қурилаётган қўшма кўприк билан адаштирмаслик керак. Мазкур йўл ўтказгич Амударё тумани ҳудудидан Хоразм вилояти ҳудудига олиб борувчи янги қурилаётган Шават – Қораузак темир йўл линиясининг бир қисмидир», – дейилади расмий муносабатда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan