ЎЗБЕКИСТОН

Расман: оиладаги зўравонлик энди жиноий жавобгарликка тортилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Юртимизда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш устувор мақсадлардан бири сифатида белгиланган.
Ушбу мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширишида уларни қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш талаб этилади.

Хусусан, бугунги кунда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб муаммолар юзага келяпти. Жумладан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.

Шу билан бирга, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер муддати (30 кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилиш имконини бермайди. Алимент тўлолмаган шахсларга жазо сифатида жарима тайинланиши янада моддий қийинчиликларга олиб келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, уларга нисбатан уяциз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш, вояга етмаган шахс иштирокидаги порнографик маҳсулотни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.

Мазкур жиноятларни содир этган шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланмоқда.

Мавзу доирасида Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида ҳам фикрларини баён этган.

«Буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб биламан. Соғлом фикр ва адолатнинг ғалабаси. Биз ушбу муваффақиятлар учун узоқ ва машаққатли ҳаракатларни амалга оширдик, лекин қонунчилигимизда бу каби ўзгартиришлар замон талабларига хос ва инсонпарварлик учун ўта аҳамиятли эканлигини биргаликда исботлай олдик.

Олдинда бажаришимиз лозим бўлган ишлар жуда кўп, бироқ муваффақият доимо илҳомлантиради. Ушбу ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган, ҳужжатлар устида иш олиб борган ва бу ғояларни жамиятимизда тарғиб қилган барчага миннатдорлик билдираман.

Бу нафақат Ўзбекистон аёлларининг, балки барча тафаккурли, илғор инсонларнинг ғалабаси!» деб ёзади Мирзиёева.

Яна бир муҳим янгилик – оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг замонавий халқаро нормалар ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, жисмоний зўравонлик билан бир қаторда иқтисодий ва руҳий зўравонлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни, номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик, шаҳвоний шилқимлик қилиш, вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик каби ҳаракатлар учун жавобгарлик киритилмоқда.

Алимент мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи чора сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб қилиш каби янги маъмурий жазо чораси киритилмоқда.
Шу билан бирга илгари вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорт, ижодий ташкилотларда ишлашини тақиқловчи норма киритилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хотин-қизлар ва болаларнинг тазйиқ ҳамда зўравонликка учрашининг олдини олиш, оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan