ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ЎТИРИШНИНГ ПУЛИ ТЎЛАНМАЙ ҚОЛДИ

Термиз тумани Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи ўринбосари Низомиддин (исми ўзгартирилган) камбағалнинг субсидия асосида уй олишига эмас, бой ва таниш оилаларнинг уйли бўлишига хизмат қилишини афзалроқ билди. Хизмати миннатли эди, ё чўнтагига бир сиқим пул солиниши керак, ё “чойга эриш” зарур. Ойлаб навбат кутиб, камига рад жавобини олаверган аҳолининг орзулари Низомиддиннинг “очкўзлиги” сабаб чилпарчин бўлаверди. Энди бир оғизга беш бармоқни жуфтлаб солган устамоннинг иккинчи қўли бўш қолмасин деди-ю, уни ҳам оғзига тиқди.

Шу тариқа, Низомиддин ўзига олдиндан таниш бўлган фуқаро Гулсум Сапарованинг субсидия асосида уйли бўлиши эвазига унинг ресторанда еб-ичгани учун тўлов амалга оширилиши керак эди. Низомиддин пихини ёрганлардан эканми, пора олмаслигини айтди-ю, бир “эришини” қистириб ўтди. Бир эриш эса 1 миллион сўмга тушди. Ресторан иш вазиятни тусмолламай, рози бўлди қўйди.

Тезкор рейд натижасида пулни олаётган вақтда қўлга тушган бармен йигит ўзида мавжуд далиллар билан ўртоқлашди. Натижада сувдан қуруқ чиқишни ўйлаган Низомиддиннинг бу сафарги қарзи тўланмай қолди. Унинг билагига тақилган кишаннинг гувоҳи бўлганлар, албатта жазосини олди дейишди.

Оилавий аҳволи, касалманд эканлиги, вояга етмаган фарзандлари борлигини бот-бот таъкидлаган Низомиддинни эшитган суд унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1 қисми билан айбдор деб топиб, давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Хулоса шуки, Низомиддин нафсини тиймаслик оқибатида ўзига офат келтиришини унутиб қўйди.

Одилбек Бегимқулов,Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan