ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистонда меҳмонхоналар никоҳ гувоҳномаси талаби билан мижозларга хизмат кўрсатишга ҳақли эмас

Меҳмонхона хизматларини кўрсатишда никоҳ гувоҳномалари, яшаш учун рухсатномалар ёки оилавий алоқаларни тасдиқловчи ҳужжатлар энди талаб қилинмайди. Шунингдек, паспорт ўрнига ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиш мумкин.

Ўзбекистонда меҳмонхона хизматларини кўрсатишда доимий яшаш жойи ва никоҳ гувоҳномаси талаб қилинмайди, дея хабар бермоқда «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК Ахборот хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорга асосан «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланган.

Низомнинг 5-бандига кўра, меҳмонхона хизматлари доимий яшаш жойи, фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъий назар кўрсатилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

«Шуни таъкидлаш жоизки, меҳмонхона хизматларини тақдим қилувчи тадбиркорлик субъектлари ички тартиб қоидаларини ишлаб чиқиши лозим. Ишлаб чиқилган ички тартиб қоидалари юқоридаги Низом талабларига зид бўлмаслиги керак», – дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июндаги 389-сон қарори билан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эгасининг шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилди.

Шу муносабат билан меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш объектлари фуқаролик паспорти йўқлигига ишора қилиб, янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилганда меҳмонхона хизматларини кўрсатишни рад этишга ҳақли эмас.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan