ХАБАРЛАР

ҲАР БИР КИШИ ИШЛИ БЎЛСИН

Статистик маълумотларга кўра, дунёда 210 млн. одам ишсиз. Бу кўрсаткич юртимизда қариийб 1,5 млн. нафарни ташкил қилар экан.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда жами 15 та ишсизликнинг олдини олишга кўмак берувчи касбга ўргатувчи мономарказлар бор. Шулардан иккитаси Сурхондарё вилоятида ташкил этилган.

Кеча оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ангор туманидаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва Термиз шаҳридаги Қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш техникумига пресс-тур ташкил этилди. Унда иштирокчилар ушбу марказлар фаолияти мисолида вақтинча ишлаш учун хорижга чиқиб кетаётган воҳамиз аҳолисини касбга ва чет тилларига ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

Таъкидлаш жоизки, Ангор туманидаги “Ишга марҳамат” мономарказида ҳозирда мураббийлар, уста-ҳунармандлар, турли соҳа мутахассисларидан иборат 90 нафар ходим фаолият юритади. 

—Марказимизда банд бўлмаган аҳолига 30 та йўналишда хизматлар кўрсатилади. Хусусан, давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан бепул тарзда токарлик, қандолатчилик, қурилиш ишлари, пайвандчилик, устачилик, дурадгорлик, тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик каби қисқа муддатли касб-ҳунарга тайёрлаш ва малакасини ошириш, хорижий тиллар, рақамли технологияларга ўргатиш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, тадбиркорлик асослари, молиявий саводхонлик ва бизнес кўникмаларига ўқитиш, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларни ушбу давлатнинг маданияти, тили, ўргатилади. Ўтган 2022-йил мобайнида 26 та йўналишда 1506 нафар тингловчилар  ўқиб, сертификатлар олди. Уларнинг 1065 нафарининг бандлиги таъминланди. Жумладан, 24 нафари давлат корхонасига ишга жойлашган бўлса, 7 нафари ЯТТ сифатида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди, 690 нафари эса ўзини ўзи мавсумий иш билан таъминлашга муваффақ бўлди,— дейди марказ директори Ж.Ўразов.

Мономарказда  машғулотлар WОRLDSKILLS стандартларига асосан 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий тарзда ўзлаштирилади.

— Ёшим 44 да бўлса ҳам мазкур “Ишга марҳамат” мономарказининг “Юк кўтариш оператори” ўқув курсида таҳсил олмоқдаман. “Йигит кишига қирқ ҳунар оз” деганларидек, шу билан бирга чилангарликни  ўрганяпман. Ўқишни тамомлач бизга сертификат берилишини айтишди. Энг қувонарлиси, бу сертификат  чет мамлакатларда ҳам тан олиниб, иш билан таъминланишимизга асос бўлар экан, — дейди музработлик Иззат Аллабердиев. 

—Мен бу ердаги ўқув курсида икки ойдан буён япон тилини ўрганяпман.  Шундан сўнг қурилиш-пардозлаш ва автосервис хизмати ишларини ҳам мукаммал ўрганмоқчиман. Келажакда Японияга бориб ишлаш билан бирга у ерда янада касбий тажрибамни орттириб, ўзим ҳам шогирдлар тайёрламоқчиман, — дейди Ангор тумани “Зартепа” маҳалласида яшовчи Муҳаммадисҳоқ Қодиров.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари Термиз шаҳридаги Сурхондарё архитектура ва қурилиш техникуми ва унинг қошидаги Қурилиш соҳасидаги малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази фаолияти билан танишдилар.

Танишув давомида иштирокчилар ўқувчиларнинг чилангарлик, кафел териш, буёқчилик, дурадгорлик, пайвандчилик ва замонавий технологиялар ёрдамида махсус техникаларни бошқаришни ўрганиш жараёнларини кўздан кечиришди. 

Эътиборлиси, мазкур техникум ўқувчиларига ойлик стипендиялар тўлаб берилиб, бепул ётоқхоналар ва иссиқ овқат билан таъминланлиги, шу билан бирга энг иқтидорли ўқувчилар суҳбат асосида қурилиш соҳаси бўйича олийгоҳлардаги йўналишларга 2-босқичдан ўқишга қабул қилиниши мумкин экан.  Маълумот учун айтиш ўринлики, техникумда ўқиётган 202 нафар ўқувчиларнинг 74 нафари битирувчи ёшлардир.

—Техникум қошидаги марказимизда эса 7 та йўналиш бўйича қурилиш соҳаси кадрлари тайёрланади. Курслар якунлангач, уларга тегишли сертификатлар берилади ва иш билан таъминланиши назоратга олинади, — дейди таълим муассасаси директори Ўрол Омонов.  

Хулоса шуки, йил сайин ҳар бир фуқаро ўз даромад манбаини яратиши, касб-ҳунар ўрганиши мумкин. Бунинг учун имкониятлар борлигини эса юқорида келтирилган маълумотлар тасдиқлайди.

Ғайрат ХУДОЙБЕРДИЕВ, журналист

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan