ЎЗБЕКИСТОН

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ МЕҲНАТ КОДЕКСИ ХОДИМЛАР ВА ИШ БЕРУВЧИЛАР МАНФААТЛАРИ МУВОЗАНАТИНИ ТАЪМИНЛАШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатнинг 24-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, шунингдек, иш берувчиларга, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмаслиги таъкидланди.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилгани қайд этилди.

Ушбу Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Шунингдек, Кодексни дастлаб Сенатнинг қўмиталарида кўриб чиқиш жараёнида тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий тармоқлардаги ҳамда фуқаролардан келиб тушган таклифлар кенг муҳокама қилинди.

Хусусан, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари, меҳнат муносабатларидаги камситиш омиллари, хизмат текшируви ҳамда жамоавий меҳнат низолари юзасидан киритилаётган нормаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлаш, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ этишни соддалаштириш, шунингдек, мазкур соҳаларда ёлланиб ишловчилар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятларини ҳисобга олиш, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилади.

Зариф Хўжамуротов,Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan