Uncategorized

Бюджет ташкилотларида ёппасига қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторларини ўрнатиш бошланади

Ўзбекистонда бюджет ташкилотларининг бинолари энергия истеъмолининг 30 фоизини йил охиригача, яна 30 фоизини кейинги икки йилда яшил энергияга ўтказиш кўзда тутилмоқда. Энг кўп энергия сарфлайдиган корхоналарга ўз истеъмолининг камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергияга ўтказиш мажбурияти юкланиши мумкин.

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистонда бюджет ташкилотларига қуёш панели ва иссиқ сув коллекторини ўрнатиш мажбурияти юкланиши мумкин.

2023 йилги давлат дастури лойиҳасига кўра, 2026 йилга қадар бюджет ташкилотларининг бинолари энергия истеъмолининг 60 фоизини яшил энергияга босқичма-босқич ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Натижада, давлат органлари ва ташкилотларида 2023 йилда энергия истеъмолининг 30 фоизини яшил энергияга ўтказиш ҳисобига 448,7 млн KW.соат электр энергияси, 2026 йилда эса 60 фоизини ўтказиш ҳисобига ўртача 897,4 млн KW.соат электр энергияси иқтисод қилинади.

Бундан ташқари, қуввати 20 KW ва ундан паст бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларини паст кучланишли (0,23-0,4 KW) электр тармоқларига улаш учун техник шарт олиш талаб этилмаслиги белгиланади.

Ҳозирда қуввати 20 KWгача бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини тармоққа улаш учун техник шартлар олиниб, шартнома тузиш тартиботлари бор. Янги тартиб қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатмоқчи бўлган жисмоний шахсларга қулайлик яратади.

Фармон лойиҳасига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб, йиллик ҳажми 2 минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки 1 минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғисига тенг энергия ресурсларини сарфлайдиган ташкилотларга ўз энергия истеъмолининг камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия ҳисобига таъминлаш мажбуриятини юклаш назарда тутилган.

Изоҳланишича, 2023–2026 йиллар давомида иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини истеъмол қилаётган 25 та йирик корхона ва ташкилотнинг умумий истеъмол ҳажми 4 млрд KW.соатни ташкил этиши инобатга олинган ҳолда, бу ташкилотлар ўз истеъмолини камида 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалар ҳисобидан таъминлаши орқали камида 1,2 млрд KW.соат электр энергияси тежалишига эришилади.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига олинадиган минимал энергия миқдори бўйича талабларни бажармаган ташкилотлар томонидан етишмаган энергия улушига мутаносиб миқдорда яшил сертификатларни сотиб олиш талаби киритилиши кутилмоқда.

Бундай талаб ташкилотларни энергия самарадорлигини ошириш борасида рағбатлантиради, сертификат сотувидан тушган маблағ эса яшил технологияларни ривожлантиришга йўналтирилади.
Умумий истеъмолининг 30 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказиш талаби бажарилмаган тақдирда, мазкур ташкилот ушбу мақсадга эришиш учун етишмаган энергия улушига мутаносиб миқдорда ҳар 1 MW учун битта яшил сертификатни сотиб олади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan