ЎЗБЕКИСТОН

Янги Ўзбекистон – янги суд

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳаси изчиллик билан ислоҳ қилинмоқда.

Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида ўндан ортиқ Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу нуқтаи назардан «Янги Ўзбекистон – янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

2023 йил 16 январь кунида муҳтарам Президентимиз томонидан  “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Фармон қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.

Стратегия доирасида судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интелект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш одил судловни таъминлашнинг вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш ҳамда суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш, шунингдек, суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш мақсадида судьялар фаолиятига ҳар қандай аралашувларга, шу жумладан, давлат идоралари ва мансабдор шахслар аралашувларига барҳам беришнинг қатъий чораларини кўриш, бундай қилмишлар учун жавобгарликни кескин кучайтириш; суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, судьялар дахлсизлигини бузиш ҳолатларида бевосита судьялар томонидан ўз вақтида таъсирчан чоралар кўриш имкониятларини кенгайтириш, процессуал тартибга риоя қилган ҳолда келиб тушган мурожаатларнинг процессуал қонунчилик асосида кўриб чиқилишини таъминлаш, судьяларга одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш, илғор хорижий тажриба асосида судларнинг молиявий мустақиллигини тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш орқали улар фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни судлар томонидан мустақил равишда белгилаш механизмларини жорий этиш белгиланди.

Бундан ташқари, қуйидагилар одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланди.

Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари; Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари; Туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари;

Олий суд тизимида Суд-ҳуқуқ соҳасида қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш Департаменти ташкил этилди ва унинг қуйидаги вазифалари этиб белгиланди.

одил судлов соҳасида ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш;

суд фаолияти соҳасидаги қонунчиликни ҳамда одил судлов муаммоларини тизимли таҳлил қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни, суд амалиёти ва суд иш юритуви тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

одил судлов самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш;

одил судлов соҳасига оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича тизимли ва изчил чоралар кўриш;

фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий қонунчилик, судларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ўрганиш, уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Шунингдек, 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади.

Бу Фармон билан судлар мустақиллиги келгусида мамлакатимиз нуфузи ошишига хизмат қилади.

Шукрулло Ғозиев,Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan