ДУНЁ

Politico: Пентагон Украина яқин орада Қримни қайтариб олишига шубҳа қилмоқда

Пентагондагилар Украинада аннексия қилинган Қрим устидан назоратни қайтариб олиш имконияти йўқ ва яқин орада бўлмайди, деб ҳисоблайди. АҚШ мудофаа вазирлигининг юқори мартабали тўрт мулозими Вакиллар палатасининг қуролли кучлар бўйича қўмитасида ўтказилган ёпиқ брифингда вазиятга шундай баҳо беришган.

Politico нашрининг учрашув мазмуни билан таниш бўлган манбалари бундай хулоса нимага асослангани маълум эмаслигини айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, Пентагондагилар Украинада ҳозирда Россия қўшинларини яриморолдан сиқиб чиқариш имконияти йўқ ва яқин орада ҳам бундай имконият бўлмаслигига амин. Нашр суҳбатдошлари Конгрессда ҳисобот берганлар шунга урғу қаратишганини қайд этишган.

Politico нашрининг яна бир манбаси брифинг мазмунини «кўп маъноли» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, бунинг моҳияти шундаки, агар Украина Қримни қайтариб олиш учун амалиёт бошлашга қарор қилса, ўз муваффақиятини кафолатлай олмайди.
Пентагондагилар бу маълумотга изоҳ беришни исташмаган. Идора расмий вакили Сабрина Сингҳ Украинанинг Россия тажовузини қайтаришдаги натижалари ва жанг майдонида доимий равишда мослашишини эътироф этиб, шунинг ўзи уларнинг курашиш ва ўз суверен ҳудудларини қайтариб олиш истагини кўрсатишини айтиб ўтган.

Украина расмийлари кўп марта Россия билан уруш РФ қўшинлари босиб олинган барча ҳудудлар, жумладан 2014 йилда аннексия қилинган Қримдан чиқиб кетгач якунланиши мумкинлигини айтишган. Украина ҳукумати вакиллари мунтазам равишда Қримни қайтариб олиш бўйича ҳарбий амалиёт ўтказиш имконияти ҳақида гапириб келишади.

АҚШ Қримни Украина ҳудуди деб билади. Шу билан бирга, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Вашингтон Киевга мазкур яриморолдаги нишонларга зарба бериш имкониятини берадиган воситаларни тақдим этишдан бош тортиб келади. Январ ойида эса The New York Times нашри АҚШ президенти маъмуриятидагилар бу масаладаги позицияни аста-секинлик билан юмшатаётганини хабар қилганди. Reuters маълумотига кўра, Вашингтон Киев учун 2 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети тайёрламоқда, бу пакет 150 километр масофага аниқ борувчи GLSDB ракеталарини ҳам ўз ичига олган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan