ДУНЁ

Олий рада Медведчук ва унинг тарафдорларини мандатдан маҳрум қилди

Путиннинг яқин одами деб аталган Виктор Медведчук аввалроқ «Мухолифат платформаси – ҳаёт учун» партиясини бошқарган. У билан бирга тўрт нафар тарафдори депутатлик мандатидан маҳрум қилинди.

Украина Олий радаси россияпараст сиёсатчи, Россия президенти Владимир Путиннинг яқин одами деб аталган Виктор Медведчук, шунингдек, яна тўрт депутат – Тарас Козак, Андрей Деркач, Ренат Кузмин ва Андрей Аксёновни депутатлик ваколатидан маҳрум қилди, деб хабар берди парламент аъзоси Ярослав Железняк 13 январь, жума куни. Унинг сўзларига кўра, Аксёнов Радани ўз ихтиёри билан тарк этган, қолганларнинг мандати Украина фуқаролигидан маҳрум қилингани сабабли бекор қилинган, чунки Украинада улар хиёнатда гумон қилинмоқда.

Виктор Медведчук аввалроқ ўтган йилнинг июнь ойида Украинада фаолияти тақиқланган «Мухолифат платформаси – ҳаёт учун партиясини бошқарган. Медведчукнинг ўзи Украина Хавфсизлик хизмати томонидан давлатга хиёнатда айбланиб ҳибсга олинди. Тергов маълумотларига кўра, сиёсатчи ўзини мустақил деб эълон қилган Донбассдаги «ДХР» ва «ЛХР» республикаларидан кўмир контрабандаси билан боғлиқ.

Украина Бош прокуратураси иддао қилишича, Виктор Медведчукнинг Москва билан алоқалари 2014-2015 йилларда мамлакат иқтисодий хавфсизлигига путур етказган. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Медведчук Мариуполдаги жангларда асирга олинган Украина «Азов» полки ҳарбийларига алмаштирилиб, Россияга топширилди. Москва бу маълумотни расман тасдиқлагани ҳам, рад этгани ҳам йўқ.

Олий раданинг молия, солиқ ва божхона сиёсати қўмитаси собиқ аъзоси Тарас Козак Украинанинг бир қанча телеканаллари, жумладан, News One, ZIK ва «112 Украина»нинг эгаси бўлган. 2021 йилда уларнинг трансляцияси тўхтатилди, сиёсатчига хиёнат учун жиноий иш қўзғатилди: УХХ Козак компанияларини Россия ҳукуматпараст тузилмалари молиялаштирганини билдирди.
Шунга ўхшаш ишлар Ренат Кузмин ва Андрей Деркачга нисбатан қўзғатилган. Тергов материалларига кўра, Кузмин Россия босқини арафасида оммавий ахборот воситаларида «Украинага қарши ташвиқот материалларини» жойлаштирган. Шу билан бирга, Деркач Россия ФХХ учун ишлаганликда айбланган. УХХ маълумотларига кўра, у агентлар тармоғининг бир қисми бўлган. Декабрь ойида сиёсатчи президентлик сайловларига аралашганликда айбланиб, АҚШ санкциялари остида қолди. Америка махсус хизматлари ҳам Деркачни ФХХ агенти деб ҳисоблайди.

Уруш бошланганидан кейин Козак, Кузмин ва Деркач Украина ҳудудини тарк этишди, ҳозир уларнинг қаердалиги номаълум. 11 январь куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг фармони билан Виктор Медведчук, Тарас Козак, Ренат Кузмин ва Андрей Деркач Украина фуқаролигидан маҳрум этилди. Радада уларнинг барчаси, Андрий Деркачдан ташқари, «Мухолифат платформаси – ҳаёт учун» вакили эди, Деркач россияпараст Минтақалар партиясидан сайланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan