ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

МАНЗИЛ-КОЛОНИЯСИДА САЙЁР СУД МАЖЛИСИ ЎТКАЗИЛДИ

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

Шу боис, кириб келган янги, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилиши бежизга эмас.

Маълумки, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилиб, бир қанча ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳамда мазкур кодекснинг 74-моддасида жазони енгилроғи билан алмаштириш назарда тутилган.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан 41-сон манзил-колониясида ўтказилган сайёр суд мажлисида жами 24 нафар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумларга нисбатан колония маъмурияти томонидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Суд, инсонпарварлик тамойилига таяниб ҳамда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, ўзларига тегишли хулоса чиқарган 11 нафар маҳкумлар ўталмай қолган жазодан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилган бўлса, яна 13 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят Кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди.

Ушбу колониядан озод этилганларнинг 7 нафари аёллар бўлса, 17 нафари эса эркаклардир.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши ва бу борада суд ҳокимияти фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳамда одил судловни сифатини оширадиган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Эндиликда ушбу маҳкумлар манзил колониясидан озод этилиб, ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда Пробация хизматида ўтайдилар.

Асқар Қудратов,Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan