TA'LIM

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мансабдорларга нисбатан жазо чораси кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига таълим муассасасининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга педагогларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;

Таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса, ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлишини назарда тутувчи нормани киритиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Жиноят Кодесига ҳам таълим муассасасининг педагог ходимига нисбатан меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этган тақдирда ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишини мустаҳкамловчи янги норма қўшиш таклиф этилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan