TA'LIM

Инсон қадри учун курашилаётган пайтда, нега талаба ерга уриляпти, у одам эмасми?

Давлат раҳбари ҳар бир йиғилишда инсон қадри муҳим эканини таъкидлайди, юритилаётган сиёсатнинг моҳияти ҳам айнан шу эканини айтади. Ҳамма мамлакатда инсон қадрини юксалтириш учун ҳаракат қилаётгандек гўё.

Эҳтимол, ростдан ҳам инсонларга, уларнинг шахсияти ва фикрларига бўлган муносабат қисман бўлса-да ўзгаргандир. Бироқ талабага бўлган муносабат ҳамон ўша-ўша. Уни ўқитувчиси ҳам, декани ҳам ректори ҳам, олий таълим вазири ҳам хоҳлаган кўйига солиб ўйнатаверади.

Олий таълим муассасасида ўқишни «илоҳий»лаштириб юборишнинг оқибати бу. Ўзбекистонда бирорта ота-она йўқки, фарзандининг олий маълумотли бўлишини истамаса. Талаба йиллар давомида руҳий босим остида шу мартабага эришиш учун кўп нарсалардан воз кечиб меҳнат қилади ва шу меҳнатларнинг роҳати ўлароқ талаба бўлади. Шундан кейин у ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқишни битиришга ҳаракат қилади. Ахир ҳеч ким энди оғзи ошга етганда бурни қонашини истамайди.

Талабанинг нозик томонлари кўп, масалан, ўқишдан ҳайдалиш, курсдан-курсга қолиш, юриш туриши тўғрисида ота-онасига шикоят қилиниши ва бошқалар. Ўз қадрини ерга урмасдан, ўқишни ташлай деса, атрофидагилардан балога қолади, йиллар давомида ота-онасининг емай-ичмай йиғган пулларини сарфлаб ўқиб, йўлнинг ярмида ортга қайтди, деган гаплардан талабалар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам жуда қўрқишади.

Бу қўрқув бошқаларга уни бошқариш имконини тақдим қилади, талаба бечора эса «илоҳий мартабага эга қул»га айланади. Мен ҳам талаба сифатида ўзимни топталгандек ҳис қилдим. Ҳатто опам уйдаги сигирга бир кун олдинги емни эмас, янги емни бериб, менга бир кун олдинги овқатни берганда ҳам бунақа хўрланмаганман.

Ўйлашимча, вилоятлик талабаларнинг пойтахтга етиб келиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда, якуний имтиҳонларни камида 4-5 кун ортга суриб туришса керак, бу уларга қулайлик яратиш учун эмас, албатта, бу фақатгина талабанинг устидан икки ҳисса кулишдир. Чунки айтилган пайтда дарс машғулотларига қатнашишни бошлаган талаба бир ҳафта давомида ОТМда ўқитувчиси билан нима иш қилади? Ахир сессиягача мўлжалланган дарс машғулотлари аллақачон тугатилган-ку.

Сессия аслида қишки таътилдан олдин ёпилиши керак эди, бироқ аномал совуқ туфайли улар якуний имтиҳонларни таътилдан кейинга қолдиришди. 9 январь кунидан ўқишлар бошланишига ишониб, пойтахтга келган талабалар таътил узайтирилгани сабабли кўчада қолишди, жамоатчиликнинг танқидлари билан мутасаддилар Тошкентга келишга улгурган талабалар учун ётоқхоналарни очиб берди, агар норозилик бўлмаганида талабалар ҳамон кўчада кунлик ижарага уй қидириб юришарди.

Қишки таътил узайтирилганидан кейин, талабаларнинг аксарияти 17 январь кунига билет олишган ёки шу вақтга мўлжаллаб шахсий режалар тузишган, лекин бу нарсалар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Чунки талаба одам эмас, уларга одамга қилиниши керак бўлган муносабат кўрсатилмайди, уларнинг қадри топталади холос.Агар Худо менга ҳаётимда қилган хатоларимдан бирортасини тўғирлаш имконини беришини айтганида, ҳеч иккиланмасдан Ўзбекистонда ўқишга кирганимдан афсусда эканимни ва бу хатони тўғирламоқчи эканимни айтардим.

Аслиддин НОРБЕК, талаба

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan