ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Сурхондарёда 895 та жисмоний ва юридик шахслар томонидан 299,2 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

Ер азалдан халқнинг энг асосий ва бебаҳо бойлиги ҳисобланади. У мамлакатимиз миллий бойлигининг энг муҳим қисми, ишлаб чиқаришни юритишнинг асосий негизидир. Айниқса, ер қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида муҳим воситадир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Республикамиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашда, қишлоқ хўжалигининг бундан кейинги тараққиётини амалга оширишда, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини янада тўлароқ қондиришда ер ресурсларидан унумли ва оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Ердан оқилона, самарали фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги «Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 138-сонли қарорининг аҳамияти жуда каттадир.

Ерга хўжасизларча муносабатда бўлиш, ерларни яхшилаш ва яроқли ҳолга келтириш мажбуриятларини бажармаслик, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилишлар амалга ошириш каби ҳолатлар, энг аввало, ер тўғрисидаги қонун ва қоидаларни яхши билмаслик ёки унинг нормаларига лоқайдлик билан қараш ҳамда бажармасликдан келиб чиқади.

Қулай иқлим ва тупроқ шароитига мос келадиган Сурхондарё вилоятининг умумий ер майдони – 2 009 911 гектарни, жами қишлоқ хўжалиги ерлари – 1 357 297 гектарни ташкил қилади.

Ушбу ерларни муҳофаза қилиш, ундан илмий асосланган тарзда оқилона фойдаланиш ва ерга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик устидан назорат олиб бориш мақсадида Кадастр агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси ер ва кадастр назорати инспекторлари жойларда профилактик ва назорат тадбирларини мунтазам олиб бормоқдалар.

Жорий йилнинг 11 ойи мобайнида бошқарманинг ер ва кадастр назорати инспекторлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишга йўл қўймаслик бўйича олиб борилган назорат тадбирларида 895 та жисмоний ва юридик шахслар томонидан 299,2 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.

Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси, туман, шаҳар бўлимларидаги ер ва кадастр назорати инспекторлари томонидан олиб борилган профилактик ишлар натижасида 471 нафар жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 199 гектар майдондаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳуқуқбузарлар томонидан ихтиёрий бартараф этилди.

Ихтиёрий бартараф этилмаган 100,2 гектар ер майдонида 424 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар томонидан қурилган ноқонуний қурилмаларни мажбурий буздириш юзасидан судларга даъво аризалари киритилди.

Киритилган даъво аризаларнинг 20 гектар ер майдонидаги 85 таси қаноатлантирилди, 7,4 гектар ер майдонидаги 26 таси рад этилди, қолган 196 та ҳолатда 41,4 гектар майдонда содир этилган ҳуқуқбузарликлар бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ўртасида “Ерлардан мақсадли фойдаланиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш  соҳасида қонунийликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида” тасдиқланган тартибга асосан 11,8 гектар майдондаги 45 та қонунбузилиш ҳолатлари прокуратура органларига юборилди.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 156 та ердан фойдаланувчилар томонидан 1146 гектар ер майдонларидан мақсадсиз фойдаланилаётганлиги аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 38-моддаси тартибида, кодексининг 36-моддасига мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ер майдонларини туман ҳокимининг захирасига қайтариш масалаларини кўриб чиқиш юзасидан 140 та ҳолатда 748 гектар ер майдонига тақдимномалар киритилди ҳамда 31 та ҳолатда 269,2 гектар ер майдонлари туманлар ҳокимликлари захирасига қайтарилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan