Uncategorized

Бандихонда балиқчилик учун 33 млн сўм кредит самара берди-ми…?!

Ота-боболаримиз азалдан балиқни ҳалол ва пок луқма сифатида эътироф этиб келишган. Шунингдек, бу озуқанинг ҳам жисмимизга, ҳам руҳиятимизга ўзгача қувват бағишлайдиган сирли хусусияти бор. Ҳозирги кунда ҳукуматимиз томонидан сув маҳсулотларини етиштириш, балиқ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳолига қўшимча даромад ишлаш имконини беришда юқори даромадли соҳа сифатида балиқчиликка катта аҳамият қаратилмоқда.

Бандихон тумани Қалдирғоч маҳалласида яшовчи Тўлқин Элмуродовнинг  балиқчилик билан шуғулланишга қизиқиши бор эди. Авваллари иш йўқлигидан чет давлатга бориб келган воҳадошимиз ҳозирда берилган имкониятлардан фойдаланиб тадбиркорликни йўлга қўйган.

Гап шундаки Бандихоннинг аксарият ҳудуди қиру адирликлардан иборат. Экинзорларга сув насослар ёрдамида чиқарилади. Шу сабабдан яқин яқингача ҳудудда балиқ етиштириш имконсиз саналарди. Бироқ, инсон тафаккури унга бемисл имкониятларни тақдим эта олади. Қаҳрамонимиз балиқчиқликни ривожлантириш учун 33 млн сўмлик имтиёзли кредит олиб иш бошлаган эди.

-Балиқчиликни етиштириш бўйича Президентимизнинг қарорига асосан имтиёзли кредит олдим,-дейди Тўлқин Элмуродов.- 4 сотихли ерда интенсив ҳовуз ташкил қилиб, 2000 дона икки хил турдаги балиқларни ҳовузга ташлаганимизда уларнинг вазни 100 гр атрофида эди. Ҳозирда 2-3 килограммли балиқ етиштирдик. Оқ Амур балиғини ўт билан, сазанларимизни эса кепак билан боққанмиз. Кўлнинг икки тарафидан оқар сув айланиб туради. Балиқлар чиқиб кетмаслиги учун сув кириб-чиқиб турувчи ҳар иккала жойига тўр қўйиб сақлаймиз. Уларни бир кунда уч маҳал озиқлантирамиз. Озуқалари беда, буғдой, арпа, макка, махсус тайёрланган емларни ташкил қилади.

Нега айнан балиқчилик? Сабаби оддий: биринчидан, балиқ гўшти инсон саломатлиги учун кони фойда. Иккинчидан, яқингача балиқчилик унут бўлаётган тармоқлардан бирига айланган ва буни қайта тиклаш зарурати пайдо бўлган эди. Шу боис кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кўплаб соҳалар қатори, балиқчилик ҳам изчил ривожлантириляпти. Бугун ушбу йўналиш билан шуғулланаман, деган инсонлар учун барча эшик очиқ. Балиқчилик корхоналарини зарур техника воситалари ҳамда озуқа билан таъминлаш чоралари кўрилаётгани, кўл ва сув ҳавзаларининг тадбиркорларга узоқ муддатга ижарага берилиши, имтиёзли шартлар асосида лизинг ва кредитлар ажратилиши туфайли балиқчилик хўжаликлари кўпайиб, шифобахш маҳсулот етиштириш ҳажми ошмоқда.

10 йил муддатга ижарага ер берилиши, имтиёзли кредитлар, субсидия асосида иссиқхоналарнинг қуриб берилиши юқоридаги фикримизнинг далилидир.

-Қалдирғоч маҳалласида 1435 нафар ёшлар бор. Маҳалламизда ишсизликнинг олдини олиш учун ҳаракатдамиз,- дейди маҳалла ёшлар етакчиси Файзулло Раҳматов.-Ҳозирги кунда 71 нафар фуқарони “Ёшлар дафтари”га киритганмиз. Шундан 61 нафарини доимий иш билан таъминлаб, имтиёзли кредитлар ажратдик ва дафтардан чақарганмиз. Жумладан 39 нафар ёшларимизга 10 йил муддатга ер, 5 нафарига эса имтиёзли кредит ажратиб бердик. Тўлов контракти асосида Олий таълим муассасасида таълим олаётган 5 нафар ёшга тўловларини қилиб бердик. Бундан ташқари маҳалламиздаги ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ҳудудда спорт тўгаракларини ташкил этганмиз.

Яна бир муҳим масала, бу — етиштирилган маҳсулотларга харидор топиш, яъни бозорини топа билиш. Тайёр маҳсулотни сота билиш ҳам бизнеснинг асосий шартларидан. Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз деганларидек, Тўлқин Элмуродов балиқчиликдан ташқари устачилик билан ҳам шуғулланади. Келажакда эса бу тармоқни янада кенгайтирмоқчи.

-Оилада тўрт нафар фарзандмиз, мен каттасиман, -дейди Тўлқин Элмуродов.- Бир укам студент, икки укам эса мактабда таҳсил олади. Балиқларнинг бир килоси бозорда 45-50 минг атрофида, пишириб тайёрласак 70-100 минггача сотилади. Шунинг учун ошхона очиб, тадбиркорлигимизни янада кенгайтирмоқчимиз. Ҳозир кўлни ҳам кенгайтириб, кўпроқ балиқ турларини етиштирмоқчимиз.  Бизга шундай шароит яратиб бераётган ҳукуматимиздан миннатдормиз.

Интилганга толе ёр дейишади. Лойиҳамиз қаҳрамони билан суҳбатлашиб, бунга яна бир карра амин бўлдик. Албатта, улар келажакда янада юқори натажаларга эришишни, баландроқ каттароқ марраларни кўзлашган.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan