Uncategorized

Меҳнат шартномаси бекор қилиш тартиби ва унинг оқибатлари қандай?

Меҳнат шартномаси ходимнинг ёки иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкинми? Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 99-моддасига биноан, ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида иш берувчини икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириши лозим.

Икки ҳафталик огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Ходим огоҳлантириш муддати давомида аризасини қайтариб олишга ҳақли. Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, бундай ҳолда меҳнат шартномасини шу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди. Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугамасдан олдин ҳам бекор қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг          100-моддасига биноан, иш берувчи томонидан номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномаси ҳам қуйидаги сабаблардан бири мавжуд бўлганда бекор қилишга ҳақли бўлади:

1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;

2) ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги.

4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.

5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги;

6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги.

7) ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Бироқ, айрим ҳоларда иш берувчилар томонидан Қонуннинг мазкур талабига риоя қилинмасдан, ходимларнинг меҳнатга қобилиятсизлик даврида ёйинки ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмоқда.

Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш – шунга махсус вакил қилинган давлат органлари, уларнинг инспекциялари ҳамда касаба уюшмалари томонидан амалга оширади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назорат олиб бориш эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.        

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда меҳнатни муҳофаза қилиш давлат сиёсатига асосланган бўлиб, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланган. Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир.

Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади. Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси

Алимардонов Тўра

Сариосиё туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси

Муродуллаева Гавҳар

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan