ДУНЁ

Нигериядаги сув тошқинлари 76 кишининг ҳаётига нуқта қўйди

Нигериянинг жанубий вилоятларида сув тошқини оқибатида етмиш олти киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда CNN телеканали.

Анамбра штатининг жануби-шарқида сатҳи уйнинг томигача кўтарилган сел сувидан қочишга уринаётган 80 дан ортиқ одамни олиб кетаётган қайиқ ағдарилиб кетди.

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар миллий агентлиги маълумотларига кўра, табиий офат туфайли 600 мингдан ортиқ киши ўз яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Анамбрадаги фожиа бир ҳафта олдин қўшни шимолий-марказий Коги штатининг бир қисмини босиб ўтган тошқинларнинг ҳалокатли оқибатларидан кейин содир бўлди.

Нигерия миллий ички сув йўллари бошқармаси маълумотларига кўра, сув тошқини 13,22 метр баландликда қайд этилган бўлиб, 2012 йилдаги 12,84 метрлик тошқин кўрсаткичидан ошиб кетган.

Бу йил Нигерияда сув тошқинлари ҳалокатли бўлиб, 300 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва ярим миллиондан ортиқ одам жабрланди.

Африка давлати расмийлари Нигер ва Бенуэ дарёлари бўйидаги штатларда ҳалокатли сув тошқини ҳақида огоҳлантириб, Нигериядаги учта сув омбори тошиб кетиши мумкинлигини айтишмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan