ДУНЁ

Европа парламенти ҳаво сифатини яхшилаш учун янги стандартларни қабул қилди

Европа парламенти ҳаво сифатининг ЖССТ тавсияларига яқинроқ бўлган янги стандартларини қабул қилди. Расмийлар бу чора Европада бевақт ўлимлар сонини сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.

Европа парламенти ҳаво ифлосланиши бўйича 2030 йилгача бажарилиши керак бўлган қатъий ва қонуний равишда амал қилиш мажбурий бўлган чегараларни қабул қилди, дея хабар беради Reuters.

Drapeaux européens devant le Berlaymont

Февраль ойи бошида Европа парламенти ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳаво сифатининг янги стандартларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига яқинлаштиришга келишиб олганди. Келишувга кўра, 2030 йилгача PM2,5 зарраларининг ўртача йиллик консентрацияси 25 мкг/м3 дан 10 мкг/м3 гача, NO2 ники эса 40 мкг/м3 дан 20 мкг/м3 гача пасайтирилади.

Агар стандартлар бузилса, ҳаво ифлосланишидан зарар кўрганлар судга мурожаат қилиши ва соғлиғига етказилган зарар учун компенсация олиши мумкин бўлади.

Ҳаво ифлосланиши Европада ҳар йили 300 минг эрта ўлимга сабаб бўлади. ЕИнинг атроф-муҳит бўйича комиссари Виргиниюс Синкявичюснинг айтишича, кучлироқ стандартлар келгуси 10 йил ичида бу рақамни 70 фоизга камайтириши мумкин.

«Бу жамоат саломатлиги ва фуқароларимизнинг соғлиғини ҳимоя қиладиган қонун, чунки биз тоза ҳаво ҳашамат эмаслигини биламиз. Бу биз кафолатлашимиз керак бўлган ҳуқуқдир», — дейди парламентдаги Социалистлар ва демократлар альянси гуруҳи аъзоси Хави Лопес.

Қонунни 381 киши ёқлаб овоз берди, 225 киши қарши бўлди, 17 нафари эса бетараф қолди. Қонун кучга кириши учун ЕИ давлатларининг розилиги талаб этилади. Одатда бу қонунлар ўзгартиришларсиз тасдиқланадиган расмиятчилик ҳисобланади, дея қайд этди Reuters.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan