ЖАМИЯТ

КОРРУПЦИЯ – ДАВЛАТ РИВОЖИНИНГ ТЎСИҒИ

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларда, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигида очиқликни, шаффофликни мустаҳкамлаш коррупцияни таг-томири билан йўқотишни, фуқароларда қонунга ҳурмат ва итоаткорлик ҳиссини юксалтиришни тақозо этмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномаларида давлат ва жамият ривожини издан чиқарувчи иллат — коррупцияга қарши курашиш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонун қабул қилингани, шу асосда аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган Давлат дастури изчиллик билан амалга оширилаётгани, “Биз бундай натижаларни коррупцияга қарши кураш борасидаги узоқ ва давомли фаолиятимизнинг дастлабки самараси, деб қабул қилишимиз, бу йўлда янада қатъий иш олиб боришимиз шарт”, деб таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда республикамизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” 2017 йил 3 январдаги Қонуни қабул қилиндики, унинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Мазкур Қонунда, Коррупцияга қарши ку­рашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти белгиланган. Шу билан бирга­, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолият­ни қонун ҳужжатларига муво­фиқ бошқа давлат органла­ри ҳам амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралар­аро комиссиялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари эса:

-коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни ташкил этиш;

  • коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;
  • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

– коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга,­ уларнинг оқибатларини, шунингдек, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирларни кўриш;

-коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

-ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштиришдан ­иборатдир.

Қонунда давлат бошқаруви соҳасида коррупцияни олдини олишга доир чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларнинг асосийлари сифатида:

— давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларни ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари масъулиятини кучайтириш;

  • коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
  • давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
  • давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;
  • давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш алоҳида кўрсатилган.

Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш учун “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ушбу соҳада­ги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга­ қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига­ тоқат қилмаслик муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Камолиддин Муродов,Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси           

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan