ДУНЁ

Полша фуқароси Қозоғистон президенти лавозимига ўз номзодини қўйишга уринди

Польша фуқароси бўлган аёл Қозоғистон президенти сайловига ўз номзодини қўйишга уринди, деб хабар бермоқда мамлакат Марказий сайлов комиссияси.

Польша фуқароси Балли Мажец Қозоғистон президенти лавозими учун ўз номзодини илгари суриши ҳақидаги ариза билан Марказий сайлов комиссиясига бир неча марта мурожаат қилган.

«Шу муносабат билан, Польша фуқаросига амалдаги қонунчилик меъёрлари, хусусан, Конституцияда ва «Қозоғистон Республикасидаги сайловлар тўғрисида»ги Конституциявий қонунда республика президентлигига номзод учун қўйилган талаблар ҳақида тушунча берилди», — дейилади идора хабарида.

Қайд этилишича, Конституциянинг 41-моддаси 2-бандига мувофиқ, республика фуқароси бўлиб туғилган, 40 ёшдан ошган, давлат тилини яхши биладиган, сўнгги 15 йил ичида Қозоғистонда яшаб келаётган ва олий маълумотга эга бўлганларгина Қозоғистон Республикаси президенти бўлиши мумкин. Конституциявий қонун билан президентликка номзодларга қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси хабарига кўра, «Қозоғистон Республикасидаги сайловлар тўғрисида»ги қонуннинг 54-моддаси 1-бандига кўра, президент этиб сайланиши учун, фуқаро камида беш йил давлат хизматида ёки сайланадиган давлат лавозимларида ишлаган бўлиши керак ҳамда фаол сайлов ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 20 ноябрь куни навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилади. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев шу йил кузда навбатдан ташқари президент сайловларини ўтказиш таклифини 1 сентябрь куни халққа йўллаган мурожаатида билдирганди. Президентлик мандатини етти йиллик битта муддат билан чеклашни ва қайта сайланишни тақиқлашни ҳам ўша мурожаатида таклиф қилганди.

Мавзуга доир:

Тўқаев Биринчи президент кунини давлат байрамлари қаторидан чиқариб ташлаш ҳақидаги қонунни имзолади

Қозоғистон Сенати Биринчи президент кунини давлат байрамлари рўйхатидан чиқариб ташлади

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan