
Фуқаролик жамиятимизда гарчи оилавий муносабати бузилиб ўзаро келишаолмаётган ота-оналар алоҳида-алоҳида яшаётган бўлишига қарамай фарзандлар тарбиясига, уларнинг соғлиғига иккиси бирдек масъул. Яқинда туман фуқаролик ишлари бўйича судида кўрилган иккита иш бунга мисол бўлади.
Даъвогар Мохидил Хидирова (исми–фамилияси ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, бундан саккиз йил аввал Фотих Хуррамов билан никоҳ тўйи бўлганлиги, 2021 йилга қадар эр-хотин биргаликда яшаб, олти йил аввал ўғли Розиқ туғилгандаёқ туғма ногирон эканлиги аниқланган, бу эса бориб-бориб оилавий келишмовчиликларга сабаб бўлгани ва ниҳоят ўтган йили эри уларни уйдан чиқариб юборганлигини баён этаркан, айни пайтда носоғлом “Болалар мия фалажи”ташхиси қўйилган ўғлини даволатиш учун 7.674.350 сўмлик дори-дармонлар сарфлаганини таъкидлаб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 103-моддасида, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Юқоридагиларни ҳисобга олиб, суд гарчи ота-она бошқа жойда яшаса-да, ота Фотих Хуррамовдан она Мохидил Хидирова фойдасига ўғлини даволатиши учун кетган харажатларнинг тенг ярми – 3.837.135 сўмни ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини эълон қилди.
Шунингдек, ана шундай йўсинда даъво ариза билан фуқаролик судига мурожаат қилган Дилбар Йўллиеванинг (исми–фамилияси ўзгартирилган) мурожаати ҳам ижобий қаноатлантирилди. У Улаш Рахимов билан 2018 йилда қонуний никоҳдан ўтиб яшаган. Бир йил ўтар-ўтмас қизи Комила туғилганлиги, ўтган йилдан бўён эа алоҳида яшаб келаётганлиги, фарзандининг соғлиғи ёмонлашганлиги туфайли тез-тез даволатиб туришлигини, айниқса эшитиш аппарати, дори-дармонлар ва Тошкентга олиб бориш учун жами 8.072.910 сўм сарф-харажат қилганлигини айтиб берди. Гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар билан судда тасдиқланди. Жавобгар Улаш Рахимовдан даъвогар Дилбар Йўллиева фойдасига қизини даволатиши учун кетган харажатларнинг тенг ярмини, яъни4.036.455 сўмни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқди.
Бундан келиб чиқадиган хулоса, ҳаммамиз фарзандларимиз соғлиғи учун, уларнинг келажаги учун бирдек масъулмиз.
Л.Усаров,Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси