ХАБАРЛАР

“Прописка учун жанг-га-а-а”… Маъносиз уруш оловида куяётган ҳамюртларимиз тақдири учун ким жавобгар?

Москвада ишлаб юрган ўзбек йигити, рус тилини яхши билмаслиги  сабабли ўзини ҳимоя қила олмаётган мигрантлар ФСБ томонидан “иноагент”, яъни жосуслик айблови билан олиб кетилаётгани урфга киргани ҳақида ёзибди. У ўзи гувоҳ бўлган ҳодисада қўлга олинган йигитлар, пул эвазига кимгадир картасидан фойдаланишга рухсат бергани ва ушбу “ўйин” қурбонига айланганини қўшимча қилган. Айбланувчиларга ФСБ томонидан урушга бориш ёки қамоқ жазоси каби вариантлардан бирини танлаш имкони берилган…

Россияда ишлаб юрган мигрантларимиз кимларнингдир ноғорасига ўйнашга мажбур бўлаётгани ачинарли ҳол, албатта. Путиннинг олти ойча аввалроқ “Урушга ҳеч кимни чақирмаймиз, Украина фронтларида фақат профессионал ҳарбийлар жанг қилади”, деган ваъдаси, “Ғарб калтаги”дан баҳраманд бўлингач, қисман сафарбарлик эълонига алмаштирилди. “Профессионаллар”дан тортиб “резервдагилар”гача урушга чақириқ қоғози олаётган бир пайтда, эртага Путиннинг оммавий ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ахир, сафарбарликка масъул шахс Гиркин-Стрелков “Бизга 300 минг аскар етмайди, миллионта керак”, деб турганда, Путин жаноблари яна бир марта ваъдасини бузса нима қилибди? Сафарбарликка қарши намойишга чиққан мингдан ортиқ фуқаролар “хавфсизлик кучлари” томонидан қўлга олиняпти. Хориж нашрлари боласини аравачада сайр қилдириб юрган аёлни ҳам тутиб кетишгани ҳақида ёзди. Бир кишининг хоҳиши миллионлаб инсонларникидан устун турган давлатда ҳар қандай адолатсизликни кутиш мумкин…

Шундай экан, ижтимоий тармоқларда Россияда пешона тери ва ҳалол меҳнати билан пул топиб юрган ҳамюртларимизга бўлаётган тажоввузлар, адолатсизликлар ҳақида ўқиб ишонмаслик мумкин эмас.

Охирги пайтларда трендга чиқаётган янгиликларни таҳлил қилсак ҳам худди шу фикримизнинг исботини кўрамиз. Масалан, шаҳар мери Сергей Собянин Москвадаги “Сахарова” миграция марказида хорижликларни ҳарбий хизматга қабул қилиш учун инфпатузилма яратилгани ҳақида маълум қилди.

Шунингдек, Россия Давлат Думаси рус армиясида шартнома бўйича хизмат қиладиган чет элликлар мамлакат фуқаролигини олиши тўғрисидаги ўзгартиришларни маъқуллади. Энди Россия Федерацияси Қуролли Кучлари, ҳарбий тузилмаларида камида бир йил муддатга хизмат қилиш учун шартнома имзолаган чет эл фуқаролари, яшаш рухсатномасини олмасдан туриб Россия фуқаролигини қўлга киритишлари мумкин.

Айни пайтда Давлат Думаси ҳам муваффақиятсизлар сабабли катта йўқотишларга дуч келган босқинчи армия сафларини тўлдириш учун ҳар қандай усулдан фойдаланишга ҳаракат қиляпти.

Россия Давлат Думаси алдов ва ишонтириш йўллари билан урушга тортилган хорижликлар “келажаги”га дахлдор бўлган яна бир-иккита қонун лойиҳаларини қабул қилди. Жанг майдонини ташлаб қочган, рухсатсиз таслим бўлган, ҳарбий техника ва қуролларни йўқотишга уринганларга нисбатан уч йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси тайинланяпти…

Россия охирги ўн йилда фуқароликка қабул қилинган Марказий Осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи. Бу ҳақда Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирилл Кабанаов ўзининг телеграм каналида хабар берди. Ўн йил давомида фуқароликка қабул қилинган Марказий Осиёликлар мажбурий ҳарбий хизматни ўташ бўйича таклифлар тайёрланмоқда. Кабанов маълумотларига кўра, бу таклифлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан кўчиб ўтган фуқароларга тааллуқли бўлади. Ҳарбий хизматдан бош тортганларнинг ўзи ҳам, оила аъзолари ҳам фуқароликдан чиқарилади. Россия Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2020 йилда 23,300 нафар Ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олган бўлса, 2021 йилда эса бу кўрсаткич 31,867 нафарга ошган. Энди тасаввур қилаверинг, Путиннинг бемаъни уруши учун қурбон бўлишга икки йил ҳисобидан жами 55,167 нафар собиқ ҳамюртларимиздан маълум қисмини танлаб олиш имкони мавжуд.

Мигрантларни бирор баҳона билан қамоққа ташланиши, қамоқдаги мигрантларнинг урушга сафарбар этилаётгани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси мутасаддиларини сергак торттириши, улар юртдошларимизнинг ҳарбий чақирувларга алданмаслиги ҳақида кенг кўламли баёнотлар билан чиқиши зарурлигини англатади. Очиғи, бу борада Россия Федерациясидаги мигрантлар иштирокида жиддийроқ тадбирлар ўтказилгани ҳақида ҳалигача маълумотлар берилгани йўқ.      

Фақат, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ниҳоят уйқудан сал кўз очгани ҳақидаги янгиликларни айтмаганда…

Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга учмасликларини, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликларини кечроқ бўлса-да ўз интернет саҳифалари орқали сўрашга улгуришибди. Акс ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154 моддасида кўрсатилганидек, чет давлатлар учун ҳарбий хизматга ёлланишда айбланиб, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниш жазосига дучор бўлишлари эслатилган. Албатта, ёлланган жангчи уруш оловларидан омон қолиш бахтига муяссар бўлса…

Бу огоҳлантиришларга нисбатан фикр билдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Ташқи меҳнат миграцияси анча кечикканига, аллақачон урушда қатнашиб, қўлга тушган фуқароларимиз ҳақидаги видеолар тарқалиб улгурганига эътибор қаратишибди. “Ҳа энди, ҳечдан кўра кеч бўлсаям огоҳлантирибдику”, деб “ёпиғлиқ қозон”ни ўз ҳолича ташлаб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ, айни пайтда долзарб мавзу ҳисобланаётган мигрантларнинг урушга жалб қилиниш ҳолатлари, ватандошларимизнинг тақдири билан боғлиқлиги, ёлғон ваъдаларга учган ҳамюртларимиз Путин ёққан уруш оловида қоврилиши етмаганидай, тирик қолган тақдирда ҳам “жиноятчи” тамғасидан бошқа мукофот ололмаслиги ҳақидаги тушунчаларга эга бўлиши керак. Бу ҳақдаги оммавий тарғиботлар кечикиши ортидан, кўплаб миллатимиз фарзандлари кимнингдир манфаати йўлида қурбон бўлиши ҳам турган гап. Келгусида эса бу катта хатоларнинг оқибатлари учун ким жавоб беради?

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan