ЎЗБЕКИСТОН

Давлат болалар боғчаларида овқатланишни ташкил этиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди

Сўнгги йилларда республикамизда таълим тизимида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 йилда Давлат Раҳбари ташаббуси билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

2017 йилда республика бўйича жами 5 211 та мактабгача таълим ташкилотига 708 247 нафар бола (3-7 ёшдаги болаларнинг 27,7 фоизи) қамраб олинган бўлса, бугунги кунга келиб, 28 012 та мактабгача таълим ташкилотига 1 957 358 нафар бола (69,4 фоиз) қамраб олинган.

2022 йил 1 январь ҳолатига мамлакатда 6300 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатиб, уларда 1 млн 276 минг бола қамраб олинган. 1 185 та давлат мактабгача таълим ташкилотида овқатланиш аутсорсинг усулида ташкил этилган бўлса, 5145 таси ўз ошхонасига эга.

Шу билан бирга, бугунги кунда давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатланишни ташкил этишнинг аутсорсинг усулига ўтилиши қатор жиддий камчиликларга эга эканлигини кўрсатди. Хусусан:

Ҳокимликларда озиқ-овқат маҳсулотларининг энг юқори харид нархларини шакллантириш бўйича ягона методика мавжуд эмас;

Ҳокимликлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари пасайтириб қайд этилмоқда. Натижада етказиб бериладиган маҳсулот сифатининг пасайишига ёки ҳажмининг камайишига олиб келмоқда;

Болаларни аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш ва уларни назорат қилиш механизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган;

Овқатлантириш тизимида инсон омилининг юқорилиги коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлмоқда;

Туман мактабгача таълим бўлими мутахассислари, давлат мактабгача таълим ташкилоти директорлари ва бошқа ходимларининг овқатлантириш билан боғлиқ лавозим мажбуриятларини ҳамда ҳуқуқларини билмайди;

Туман мактабгача таълим ва молия бўлимлари томонидан етарлича назорат олиб борилмаяпти.

Хабарингиз бор, қайд этилган масалалар юзасидан соҳани таҳлил қилган ҳолда, овқатланиш тизимини қайта ташкил этиш юзасидан таҳлилий маълумотнома тайёрланди.

Шу асосида соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан берилган таклифларни ҳар томонлама ўрганиш, чуқур таҳлил қилиш ҳамда ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида Сенат қошида мутахассислардан иборат Ишчи гуруҳи ташкил этиш ҳамда таҳлилий материаллар асосида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш лозим.

Бугун биз сизлар билан ушбу таҳлилий материалларни тайёрлашда давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришнинг муқобил усулларини жорий этиш бўйича қайси йўналишларга эътибор қаратишимиз зарурлиги ҳақида ҳамда таклифларни тайёрлаш муддатлари ҳақида келишиб олсак.

Ушбу материалларни тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳига жалб қилинган вазирлик ва идораларнинг масъул ходимларидан ушбу топшириққа жиддий ёндашишлари талаб қилинади. Ҳар бир тайёрланган таклифлар асосли бўлиши зарур.

Албатта, ушбу жараённи назорат қилиш бугун йиғилишда иштирок этаётган вазирлик, идораларнинг соҳага масъул бўлган раҳбар ўринбосарларига юклатилади.

Энди Ишчи гуруҳ олдида турган вазифларни муҳокама қилиб олсак.

Демак, хозир сўзга чиққан вазир ўринбосарлари, мутахассислар томонидан юқорида қайд этилган муаммолардан келиб чиқиб қуйидагиларни ўз ичига олган таҳлилий материал тайёрлаш зарур.

Мактабгача таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда ижтимоий муассасаларда овқатланиш сифатини назорат қилувчи ваколатли назорат органининг тузилмасини ишлаб чиқади;

Мактабгача таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда болаларни мавсумга мос равишда овқатлантириш, уларнинг соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари учун ягона мавсумий таомномалар ишлаб чиқади ва мазкур таомнома бўйича бир бола учун сарфланадиган бир йиллик маблағ миқдорини ҳисоблайди;

Мактабгача таълим вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда ўз ошхоналарида овқатланиш ташкил этилган тақдирда, овқатланиш блоки ходимларига қўшимча ҳақлар жорий этилганда зарур бўлган сарф-харажатлар миқдорини аниқлайди;

Молия вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда маҳаллий бюджетларда озиқ-овқат маҳсулотларининг харид нархларини сунъий равишда пасайтиришнинг олдини олиш мақсадида давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантириш нормативларининг зарур даражасини таъминлаш учун республика бюджетидан қўшимча қисман молиялаштириладиган маблағнинг бир йиллик миқдорини ҳисоб-китоб қилади.

Ушбу маълумотлар Мактабгача таълим вазирлиги томонидан умумлаштирилиб, Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда жорий йил 30 сентябрга қадар Сенатга киритилиши лозим.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan