ХАБАРЛАР

Кўчмас мулк бузилишга тушган ёки тушмаганлик ҳолатини қандай билиш мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелда «Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги [ВМ-200-сон] Қарори имзоланган. Мазкур Қарор билан “Кўчмас мулк бузилишга тушган ёки тушмаганлиги тўғрисида маълумотномани бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланган.

Ушбу Регламент юридик ва жисмоний шахсларнинг республика миқёсида нотурар бино ва иншооти ҳамда турар жойларни бузилишга тушганлиги ёки тушмаганлиги ҳақида маълумотнома бериш тартибини белгилайди.

Давлат хизматини кўрсатиш тартиби

  1. Ариза берувчи маълумотнома олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХП давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
  2. Маълумотнома олиш учун аризалар ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъий назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин. Бунда аризалар иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунлари тушганда навбатдаги иш куни аризаларнинг ваколатли органга тушган ва қабул қилинган кун ҳисобланади.

Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса Регламентга иловадасида келтирилган шаклга мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради. Учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда сўровномага белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома илова қилинади.

Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг ариза берувчи уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзоларни идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Давлат хизматларини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Ваколатли орган сўровнома тушган ва тўлов амалга оширилган вақтдан бошлаб уч иш куни мобайнида сўровномада кўрсатилган объектнинг кадастр рақами орқали Кадастр агентлигининг ахборот тизими билан интеграция қилинган Қурилиш вазирлигининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига кириб реал вақт режимида кўчмас мулк объектининг жойлашган жойини аниқлайди.

Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари бўйича объект бузилишга тушган ёки тушмаганлигини ўрганади.

Ваколатли орган ушбу Регламентга мувофиқ шаклдаги QR-код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ва Давлат хизматлари марказларига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёхуд ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.

Ж.Ишниязов, Олтинсой туман Адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan