Ҳарбий тадбирлар

Давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ватан ҳимоячиларига янги хизмат уйлари топширилди

Мамлакатимизда ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш ва Қуролли Кучларимиз жанговар шайлигини янада ошириш мақсадида олиб борилаётган амалий ишлардан бири – ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эътибор Сурхондарё вилояти марказидан олис бўлган Шеробод туманида жойлашган ҳарбий қисмда хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчиларга қаратилди.

Бугун Давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ватан ҳимоячиларига янги хизмат уйлари топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги барча соҳаларда кенг нишонланиб келинмоқда. Байрам арафасида турли ижтимоий объектлар қурилиб, фойдаланишга топшириляпти.

Хусусан, Ватан тинчлиги йўлида сидқидилдан хизмат олиб бораётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига 16 хонадонли 2 та уй, жами 32 хонадон ўз эгаларига топширилди.

Шеробод туманидаги ҳарбий шаҳарчадаги турар жой бинолари сони бугун яна 2 тага ортди. Бундан кўриниб турибдики, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор сўзимиз исботидир.

Тантанали очилиш маросимида Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев, вилоят хокимлиги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.

-Мана шундай шинам, замонавий ва барча шарт-шароитларга эга хонадонлар бугун ўз эгаларига топширилди. Хонадон соҳибларининг ҳаяжони чексиз,- дейди Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Алишер Ширинов.

Тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари томонидан тайёрланган миллий таомлар кўргазмаси билан давом этди. Унда 40 дан ортиқ турли таомлар йиғилганларга тортиқ қилинди.

Бундай эътибор ва яратилаётган шароитлар натижасида Ватан ҳимоячиларининг ҳарбий хизматга бўлган ёндашуви янада юксалиб, ҳарбий қисмларда масъулият ва интизом мустаҳкамланмоқда, барча ҳарбий хизматчилар қалбида ўз Ватани билан фахрланиш ва ғурурланиш ҳисси янада ортади.

III даражали сержант Акбар Аҳмедов, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan